Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 1 октябрь куни кечқурун ёққан кучли ёмғир Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларидаги баъзи уйларнинг ҳовлилари ва ертўла хоналарига ёмғир сувлари киришига сабаб бўлди.
Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси маълумотларига кўра, сув тошиши билан боғлиқ ҳолатлар соат тахминан 19:30 да қайд этилган.
Бўстонлиқ туманида «Хондайлиқ» ва «Хўжаобод» маҳаллаларидаги айрим уйларнинг ҳовлилари ва ертўла хоналарига сув кирган. Чирчиқ шаҳрида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар «В. Ҳайдаров» ва «Иқбол» маҳаллаларида кузатилган.
Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бош бошқармасининг ҳудудий бўлинмалари зарур куч ва воситаларни тезкорлик билан жалб қилди. Қутқарувчилар уйлар ва кўчаларда тўпланган ёмғир сувларини чиқариш ишларини амалга оширди.
Аҳолига кучли ёмғирлар вақтида эҳтиёт чораларига риоя қилиш ва сув босиши мумкин бўлган ҳудудларда ҳаракатланмаслик тавсия этилди.
Зарур ҳолларда фуқаролар 112 ягона диспетчерлик хизматига мурожаат қилишлари мумкин.