Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент-Шимолий темирйўл вокзалида йўловчилар учун янги CIP-зал фаолиятини бошлади. Хизмат 21 сентябрь куни ишга туширилган бўлиб, поезд жўнаб кетишидан олдин қулай шароитда кутиш учун мўлжалланган. Бу ҳақда «O‘ztemiryo‘lyo‘lovchi» АЖ матбуот хизмати хабар берди.
CIP-зал хизматлари пуллик асосда кўрсатилади. Хизмат кўрсатиш нархи залнинг ўзида кўрсатилган.
Йўловчилар учун алоҳида кутиш ҳудуди ташкил этилган бўлиб, у ерда тоза ва қулай ўриндиқлар, юмшоқ креслолар ҳамда интернетдан бепул фойдаланиш имконияти мавжуд. Залда телевизор ҳам ўрнатилган.
Ташриф буюрувчилар поездлар ҳаракати ва вокзал хизматлари ҳақида маълумот олишлари мумкин. Хонада совуқ ва иссиқ фасллар давомида қулай ҳарорат таъминланади.
Бундан ташқари, йўловчилар ичимликлар ва енгил газаклардан фойдаланишлари мумкин. Залда дам олиш ва поезд жўнаб кетишини кутиш учун зарур шароитлар яратилган.
CIP-залнинг очилиши Тошкент-Шимолий вокзалида йўл олдидан йўловчилар учун қулайликни оширишга қаратилган янги хизмат турини йўлга қўйди.