Иқтисод

Ўзбекистон ва Польша янги логистика йўналишларини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Польша янги логистика йўналишларини муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Польша янги логистика йўналишларини муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Польша бизнес делегацияси билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, инвестиция лойиҳалари ва янги логистика йўналишларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси хабар берди.

Учрашув Люблин савдо-саноат палатаси раиси Дариуш Едлина иштирокида бўлиб ўтди. Польша делегацияси таркибидан турли соҳалар вакили бўлган 14 нафар тадбиркор ўрин олди.

Иштирокчилар 3D-моделлаштириш ва сунъий интеллект, энергетика, қурилиш, логистика, суғурта, кимё саноати, кўчмас мулк, кўчатчилик ҳамда биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорлик қилиш истиқболларини муҳокама қилди.

Учрашувнинг асосий масалаларидан бири икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш ва янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш бўлди. Томонлар, шунингдек, компаниялар ўртасида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш имкониятларини кўриб чиқди.

Ўзбекистоннинг логистика салоҳиятидан Польша маҳсулотларини мамлакат ҳудуди орқали Афғонистон ва Ироқ бозорларига етказиб бериш учун фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида томонлар тадбиркорлар ўртасида B2B музокараларини ташкил этиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.