Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ucell nPerf индекси бўйича Ўзбекистонда 5G тармоғи қамрови бўйича 30,32 фоиз кўрсаткич билан биринчи ўринни эгаллади. UzMobile эса 93,28 фоиз кўрсаткич билан 4G тармоғи қамрови бўйича етакчилик қилмоқда.
nPerf барометрига кўра, UzMobile 22,90 фоиз натижа билан 5G қамрови бўйича иккинчи ўринда турибди. Шу тариқа, икки оператор ўртасидаги фарқ 7,42 фоиз пунктни ташкил этди.
4G сегментида Ucell 91,32 фоиз кўрсаткич билан иккинчи ўринни эгаллаган. Beeline 89,43 фоиз натижа билан учинчи, Mobiuz эса 86,24 фоиз кўрсаткич билан тўртинчи ўринда қайд этилган.
Тадқиқотда Beeline ва Mobiuzнинг 5G қамрови бўйича маълумотлар келтирилмаган.
Ҳудудлар кесимида 5G қамровининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида қайд этилган — 76,9 фоиз. Энг паст натижа Тошкент вилоятида кузатилган — 22,0 фоиз.
nPerf тадқиқоти Ucell, UzMobile, Beeline ва Mobiuz тармоқларининг миллий ва ҳудудий даражадаги қамровини таққослайди.
Натижалар Ўзбекистонда 5G тармоғи ҳозирча чекланган ҳудудни қамраб олганини, 4G тармоғи эса анча кенг тарқалганини кўрсатмоқда.
«Ўзбекистон телекоммуникация бозори 5G технологиясини ривожлантириш босқичида, 4G эса мамлакат аҳолиси ва ҳудудининг салмоқли қисмини қамраб олган мустаҳкам асосни шакллантирган», — деди nPerf бош директори Себастьен де Росбо.
Ўлчовлар фойдаланувчилар томонидан Android учун nPerf иловаси орқали амалга оширилган тестлар асосида ўтказилган.
nPerf ўзини реал фойдаланувчи тажрибасига асосланган интернет уланиши сифатини ўлчаш бўйича мустақил платформа сифатида тақдим этади.
Компания маълумотларига кўра, миллионлаб тестлар натижаларидан тармоқлар ишлашини таҳлил қилиш ва таққослама тадқиқотлар тайёрлашда фойдаланилади.