Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Ўзбекистон

Мирзиёев: 558 нафар фуқаро Ўзбекистон давлат мукофотларига сазовор бўлди

Дилафруз Ниязова · 26.08.2026 · 17:50 · 29 views
Мирзиёев: 558 нафар фуқаро Ўзбекистон давлат мукофотларига сазовор бўлди
Мирзиёев: 558 нафар фуқаро Ўзбекистон давлат мукофотларига сазовор бўлди / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан давлат мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда давлатимиз раҳбари йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий табриклади.

– 35 йил – тарих учун жуда қисқа давр. Лекин ортда қолаётган йиллар ўзининг кўлами, ютуқ ва натижалари билан асрга татигулик давр бўлди, десак, асло муболаға бўлмайди, – деди Президент.

Ушбу ўзгаришларнинг ҳақиқий муаллифи меҳнаткаш ва олижаноб халқимиз экани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари мустақилликнинг қадр-қиммати қишлоқда ризқ-рўз яратаётган фермер ва деҳқонлар, фарзандларга таълим-тарбия бераётган устоз ва мураббийлар, инсон ҳаётини асраётган шифокорлар меҳнатида намоён бўлишини қайд этди.

Шунингдек, илм-фан тараққиётига янги ғоя ва кашфиётлар олиб кираётган олимлар, замонавий корхоналар барпо этаётган саноатчи ва тадбиркорлар, шаҳар ва қишлоқларни обод қилаётган қурувчи ҳамда архитекторларнинг ҳиссасига алоҳида тўхталди.

Президентимиз мустақилликнинг куч-қудрати маданият, санъат ва спортни ривожлантириш йўлида хизмат қилаётган инсонларнинг маҳоратида, ислоҳотлар ижросини ҳар бир маҳалла ва ҳар бир хонадонга етказаётган давлат хизматчиларининг меҳнатида ҳам намоён бўлишини таъкидлади.

Жойларда одамларни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштираётган нуронийлар ва маҳалла фаоллари, халқ осойишталиги ҳамда Ватан тинчлигини таъминлаётган ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот ходимларининг жасорати алоҳида қайд этилди.

– Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистоннинг энг катта натижаси, бу ўзгарган инсон, ўз кучига ишонган фуқаро, эртанги кунга дахлдорлигини ҳис қилаётган жамиятдир! – деди мамлакатимиз етакчиси.

Фидойи ва бунёдкор ватандошларимиз, мустақилликнинг энг катта кучи ва таянчи бўлган бутун халқимизга чуқур миннатдорчилик билдирилди.

Президентимиз инсон қадри улуғланган, адолат ва тараққиётга таянган Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидан халқ билан биргаликда дадил борилаётганини таъкидлади.

Сўнгги ўн йилда халқ билан ҳамжиҳат бўлиб амалга оширилаётган ишлар натижасида иқтисодиёт тез суръатларда барқарор ўсиб бораётгани қайд этилди.

Ўтган даврда мамлакатимизга 160 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция кирди. Иқтисодиётимиз 2,5 баробардан зиёд кўпайди. Жорий йил ялпи ички маҳсулот ҳажми 180 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.

Саноат тармоқлари, сервис ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 5 миллион 700 минг доимий иш ўрни яратилди. Давлат ва хусусий сектор иштирокида 1 миллион 500 минг ўринли замонавий мактаб, 342 минг ўринли боғча ва 62 минг ўринли шифохоналар ишга туширилди.

Одамларнинг узоғини яқин қилиш учун 83 минг километр умумий фойдаланишдаги ички йўллар қурилди ва таъмирланди. Ҳудудларда 8 миллион аҳоли яшайдиган хонадонларга илк бор марказлашган ичимлик суви кириб борди, яна 11,5 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланди.

Ўтган ўн йилда 650 минг оила янги замонавий уй-жойга эга бўлди. Халқимизда “Уйли бўлиш – ватанли бўлиш” деган нақл бор. Шу маънода, камида 2,5 миллион аҳоли ватанли бўлди!

Президентимиз бугун Янги Ўзбекистоннинг овози энг нуфузли минбарларда ҳам баланд янграётганини, давлатимизнинг халқчил, тинчликпарвар сиёсати дунёда эътироф этилаётганини таъкидлади.

– Ҳеч шубҳасиз, юқоридаги барча ўзгаришлар кўп миллатли халқимиз, сиз каби жонкуяр юртдошларимиз меҳнати билан амалга ошмоқда, – деди давлатимиз раҳбари.

Қайси соҳа ёки вазифада ишламасин, ўз меҳнатининг муносиб эътирофини кўриш ҳар бир инсон учун катта бахт экани таъкидланди.

Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси билан яшаб, сидқидилдан меҳнат қилаётган 558 нафар фидойи инсон юксак давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Президентимиз ҳар бир мукофотланганнинг машаққатли меҳнат йўли, эришган ютуқлари ва юрт тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссасини яхши билишини таъкидлади.

Мукофотланганлар орасида бутун умрини бунёдкорликка бағишлаган хоразмлик отахон Рустам Султонов ҳам бор. У киши табаррук ёшда бўлсаларда, вилоят нуронийларига бошчилик қилиб, маҳалла ва қишлоқларни обод қилишда ёшларга чинакам ибрат бўлиб келмоқда.

Сурхондарёлик меҳнат фахрийси Абдусаттор Қурбоновнинг чўлларни ўзлаштириб, деҳқончиликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ҳақиқий қаҳрамонлик сифатида эътироф этилди.

Бекобод металлургия комбинатида узоқ йиллардан буён пўлат эритувчи вазифасида ишлаётган Ғуломжон Туроновнинг “Хизмат кўрсатган саноат ходими” фахрий унвони билан тақдирлангани бутун металлурглар меҳнатининг эътирофидир.

Пахтачилик ва ғаллачиликда юксак натижага эришиб, ўз мактабини яратган наманганлик Илҳом Зиёвуддинов, ипак қуртини баҳор, ёз ва куз мавсумида парваришлаб, юқори ҳосил олаётган бухоролик пиллакор Жамила Худойбердиева, чорвачиликда илғор технология ва замонавий ёндашувларни жорий қилаётган қорақалпоғистонлик Эсенбай Айтимуратов ҳамда сув йўқотишларини камайтиришга ҳисса қўшаётган самарқандлик ирригатор Асланқул Каримқуловнинг хизматлари ҳам муносиб баҳоланди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасини безатган уста-наққош Сатторхўжа Тўхтахўжаевга “Хизмат кўрсатган қурувчи” фахрий унвони берилди.

Президентимиз давлат мукофотини олган ҳар бир инсоннинг меҳнати ва кўрсатган жасорати алоҳида эътирофга муносиб эканини таъкидлади.

Шу кунларда жойларда унвон, орден ва медалларни қабул қилиб олаётган юртдошларимизга ҳам самимий табриклар айтилди.

Мукофотланганлар орасида ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, юртимизга катта-катта сармоя ва замонавий технологияларни олиб келаётган хорижлик ҳамкорлар борлиги қайд этилиб, уларга ҳам миннатдорлик билдирилди.

Мамлакатимиз етакчиси мукофотларни ўз эгаларига тантанали равишда топширди.

– Кўксингизга ярашиб турган юксак унвон, орден ва медалларга одамлар ҳавас билан қарайди, ёшларимиз сизларга ўхшашга интилади. Бу сизларга келгуси ишларингизда янги куч-ғайрат ва илҳом беради деб ишонаман, – деди давлатимиз раҳбари маросим якунида.