Миллий марказ директори БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан камситишни бартараф этиш қўмитаси раиси билан учрашди
Миллий марказ директори БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан камситишни бартараф этиш қўмитаси раиси билан учрашди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 13 май куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов билан БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан камситишни бартараф этиш қўмитаси (CЕДАW) раиси Наҳла Ҳайдар ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
Томонлар Ўзбекистоннинг хотин-қизларга нисбатан камситишни бартараф этиш соҳасидаги халқаро мажбуриятлари бажарилишининг бориши ҳақида фикрлашдилар. Шунингдек, БМТ Қўмитаси билан ўзаро ҳамкорлик истиқболлари ва CЕДАWнинг навбатдаги сессиясига тайёргарлик кўриш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Суҳбат аввалида А. Саидов Миллий марказ фаолиятининг асосий жиҳатлари ҳамда Ўзбекистон томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши ҳолати ҳақида мухтсар тўхталди. БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларини бартараф этиш тўғрисидаги конвенцияси қоидалари бажарилиши, шунингдек, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси доирасида амалга оширилаётган гендер тенглик соҳасидаги ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилди.
Миллий марказ директори суҳбатдошини инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартнома мажбуриятларини бажариш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси тайёрланаётгани, шунингдек, Миллий марказнинг БМТ тузилмалари билан йўлга қўйилган алоқалари ҳақида хабардор қилди. Ўзбекистон парламенти омбудсмани ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятини такомиллаштириш орқали хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг институционал механизмлари изчил мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди.
Ўз навбатида, Н. Ҳайдар БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан камситишни бартараф этиш қўмитаси билан БМТ Конвенциясига иштирокчи давлатларнинг фаол ҳамкорлиги муҳимлигини таъкидлаб, Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. У БМТ Қўмитасининг жорий фаолияти, хусусан, иштирокчи давлатларга юкламани камайтиришга қаратилган маърузалар тақдим этишнинг соддалаштирилган тартиби ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, индивидуал шикоятларни кўриб чиқиш ва Қўмитанинг ишчи гуруҳлари фаолияти билан боғлиқ масалаларга ҳам тўхталди.
Томонлар БМТ Қўмитаси томонидан қабул қилинган умумий тавсияларни, жумладан, аёлларнинг барча даражаларда қарор қабул қилишда тенг ҳуқуқли иштирок этиши масалаларига доир 40-сонли умумий тавсияни муҳокама қилдилар. Иқлим ўзгариши, рақамлаштириш, миграция ва одам савдосининг аёллар ҳуқуқларига таъсирини инобатга олган ҳолда, ушбу мавзуларда янги тавсиялар ишлаб чиқиш долзарб экани таъкидланди.
БМТнинг шартномавий органлари тизимини ислоҳ қилиш ҳақида сўз юритар экан, Н. Ҳайдар ушбу тизимнинг келажагига доир тегишли маърузани тайёрлаш жараёнида шартномавий органлар аъзолари билан етарлича маслаҳатлашувлар ўтказилмаганидан хавотир билдирди. У шартномавий органлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро архитектурасининг асоси эканлигини қайд этди. Шунингдек, томонлар шартномавий органларни ресурслар билан таъминлаш ҳамда уларнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари билан ўзаро ҳамкорлиги масалалари хусусида фикр алмашдилар.
А. Саидов БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан камситишни бартараф этиш қўмитаси раиси ва Қўмита бюроси аъзоларини жорий йилнинг сентябрь ойи охирида бўлиб ўтадиган ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича иккита халқаро пактнинг 60 йиллигига бағишланадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форумида иштирок этишга таклиф қилди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан камситишни бартараф этиш қўмитаси ўртасидаги амалий мулоқотларни янада ривожлантиришдан ўзаро манфаатдор эканини тасдиқладилар. Ўзбекистон маърузаси кўриб чиқилиши режалаштирилаётган БМТ Қўмитасининг навбатдаги сессияси тахминан 2027 йилга мўлжалланганига эътибор қаратилди.