Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

МДҲ Бош вазирлари Ўзбекистоннинг энергетика лойиҳаларини кўриб чиқдилар

UzDaily · 17.06.2026 · 18:05 · 24 views
МДҲ Бош вазирлари Ўзбекистоннинг энергетика лойиҳаларини кўриб чиқдилар

МДҲ Бош вазирлари Ўзбекистоннинг энергетика лойиҳаларини кўриб чиқдилар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида энергетика соҳасига бағишланган павилонга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин, Озарбайжон Республикаси Бош вазири Али Асадов, Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раиси – Президент Администрацияси раҳбари Адилбек Қосималиев, Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода, шунингдек Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов ва Беларус Республикаси Бош вазири Александр Турчин ташриф буюриб, павилон фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Энергетика соҳаси учун ташкил этилган махсус экспозиция майдонида қайта тикланувчи энергия манбалари, жумладан, қуёш ва шамол электр станциялари, энергия сақлаш тизимлари, гидроэнергетика ҳамда иссиқлик электр станцияларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари намойиш этилмоқда.

Шунингдек, энергетика тармоғи учун ускуна ва бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ташаббуслар тақдим этилмоқда.

Экспозицияда магистраль ва тақсимлаш электр тармоқларини модернизация қилиш, рақамли технологияларни жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда истеъмолчиларни барқарор ва ишончли энергия таъминоти билан таъминлашга қаратилган дастурлар ҳақида ҳам маълумот берилмоқда.

TXIF-2026 доирасидаги мазкур иштирок халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, янги инвестицияларни жалб этиш, энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва мамлакатимизнинг “яшил иқтисодиёт” мақсадларига эришиш йўлидаги изчил саъй-ҳаракатларни намоён этмоқда.

UzDaily · 👁 24 views · 17.06.2026 · 18:05