Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Молия

Ипотека ва кредит карталари талаб ўсиши бўйича етакчилик қилмоқда

UzDaily таҳририяти · 02.07.2026 · 17:45 · 26 views
Ипотека ва кредит карталари талаб ўсиши бўйича етакчилик қилмоқда

Ипотека ва кредит карталари талаб ўсиши бўйича етакчилик қилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 1 июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистон банк тизимининг жами кредит портфели 636,0 трлн сўмга етди ва йил бошига нисбатан 5,3 фоизга ошди. Энг юқори ўсиш суръатлари кредит карталари ва овердрафтлар сегментида қайд этилди, чакана кредитлашда энг катта улуш эса ҳануз ипотека кредитларига тўғри келмоқда.

Жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар ҳажми 232,9 трлн сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 5,7 фоизга кўпайди. Ипотека кредитлари чакана кредит портфели таркибида етакчи ўринни сақлаб қолди. Уларнинг ҳажми 7,3 фоизга ошиб, 85,2 трлн сўмга етди.

Кичик молиялаштириш воситаларига бўлган талаб ҳам ўсишда давом этди. Микрокредитлар ҳажми 11 фоизга ошиб, 44,9 трлн сўмни ташкил қилди. Микрозаймлар эса 2,6 фоизга кўпайиб, 50,2 трлн сўмга етди.

Аҳолини кредитлаш сегментида энг юқори динамика кредит карталари ва овердрафтларда кузатилди. Уларнинг ҳажми йил бошидан буён 24,3 фоизга ошди. Бу қисқа муддатли ликвидлик воситаларига бўлган талаб ортиб бораётганини кўрсатади.

Юридик шахсларга тақдим этилган кредитлар ҳажми 403,1 трлн сўмга етди ва 5,1 фоизга ўсди. Корпоратив сегмент банк тизими кредит портфелининг асосий қисмини шакллантиришда давом этмоқда.

Корпоратив молиявий инструментлар орасида лизинг ва факторинг операциялари энг юқори ўсишни намоён қилди. Уларнинг ҳажми 19,7 фоизга кўпайди.

Банклараро кредитлаш ҳажми 43,2 фоизга ўсди. Бу банк сектори ва бизнес учун молиялаштириш имкониятлари кенгайиб бораётганидан далолат беради.

Кредит портфели тузилмаси чакана ва корпоратив сегментларда юқори ишбилармонлик фаоллиги сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Энг барқарор талаб ипотека кредитлари, кичик бизнесни молиялаштириш ҳамда қисқа муддатли ликвидлик инструментларига тўғри келмоқда.