ИЛМА ва ЕТТБ Ўзбекистон капитал бозорини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди
ИЛМА ва ЕТТБ Ўзбекистон капитал бозорини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Музокараларнинг марказий мавзуси ЕТТБнинг эксперт кўмагида тайёрланган Ўзбекистон Республикасининг "Капитал бозори тўғрисида"ги Қонуни лойиҳасининг айрим қоидалари, хусусан, ҳосилавий молиявий инструментлар (деривативлар)ни тартибга солиш ҳамда Ўзбекистон Республикасида халқаро молия институтлари облигацияларининг муомаласига оид масалалар муҳокамаси бўлди.
Агентлик раҳбарияти капитал бозорини тартибга солиш соҳасидаги илғор халқаро амалиётларни қонун лойиҳасига интеграция қилишда ЕТТБ жамоасининг ҳиссасини юқори баҳолади.
Учрашув давомида республика капитал бозорининг ҳисоб, савдо ва ҳисоб-китоб инфратузилмасини ривожлантириш йўналишидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар ЕТТБ ва Агентлик ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ривожланган, шаффоф ва рақобатбардош капитал бозорини шакллантиришга қаратилган қўшма ишларни давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.