Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Иордания фармацевтика соҳасини тартибга солиш, дори воситалари хавфсизлигини таъминлаш ҳамда мутахассислар тайёрлаш йўналишларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази хабар берди.
23 ноябрь куни Амман шаҳрида Марказ директори Алишер Темиров Иордания Озиқ-овқат ва дори воситалари назорати бошқармаси (JFDA) бош директори Рана Обейдат билан учрашди.
Томонлар икки мамлакатда фармацевтика соҳасини тартибга солиш тизимлари, дори воситалари хавфсизлигини таъминлаш механизмлари ва назорат фаолиятининг илғор тажрибаларини муҳокама қилди.
JFDA’нинг халқаро мақомига алоҳида эътибор қаратилди. 2024 йилдан буён ушбу идора Фармацевтика препаратларига қўйиладиган техник талабларни уйғунлаштириш бўйича халқаро кенгашнинг (ICH) тўлақонли аъзоси ҳисобланади. 2026 йилдан эса Фармацевтика инспекциялари ҳамкорлиги схемасида (PIC/S) иштирок этмоқда.
Учрашув якунлари бўйича томонлар бир нечта йўналишда ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди. Жумладан, икки мамлакат мутахассислари учун ўқув курслари ва тренинглар ташкил этиш, экспертлар алмашинувини йўлга қўйиш, халқаро конференция ва семинарларда иштирок этиш режалаштирилган.
Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Глобал бенчмаркинг воситаси (GBT) асосида миллий тартибга солиш тизимининг етуклик даражасини ошириш бўйича ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, томонлар ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари ва уларни амалга ошириш механизмларини белгилайдиган қўшма «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олди.
Ўзбекистон Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ва JFDA ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолаш Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Иорданияга ташрифи доирасида кутилаётгани маълум қилинди.