Ҳиндистон компанияси Наманганда диагностика клиникаси очади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ҳиндистоннинг Krsnaa Diagnostics компанияси Наманган шаҳрида диагностика клиникаси очишни режалаштирмоқда. Бу борадаги келишув Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовнинг компаниянинг инвестициялар бўйича раҳбари Sujoy Bose бошчилигидаги делегация билан учрашуви давомида эришилди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Krsnaa Diagnostics делегацияси тиббиёт соҳасидаги инвестиция лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида Наманганга келди. Компания вакиллари вилоят раҳбарияти билан ҳамкорлик имкониятлари ва диагностика хизматларини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.
Музокаралар якунига кўра, томонлар Наманган шаҳрида ҳозирда қурилаётган вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг янги биносида Krsnaa Diagnostics диагностика клиникасини очишга келишиб олди.
Sujoy Bose вилоят раҳбарияти билан учрашувдан сўнг компания диагностика лойиҳасини режалаштириш ва амалга оширишга киришишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Krsnaa Diagnostics Наманганда халқаро даражадаги тиббиёт марказини ташкил этиш ва минтақа тиббий инфратузилмасини ривожлантиришга ҳисса қўшишни режалаштирмоқда.
Ҳиндистон компанияси вакиллари, шунингдек, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига ташриф буюриб, унинг амалдаги имкониятлари билан танишди.
Krsnaa Diagnostics диагностика ва тиббий хизматларга ихтисослашган бўлиб, фармацевтика ва диагностика соҳасида 20 йилдан ортиқ тажрибага эга. Компания мутахассислар жамоаси билан биргаликда Ҳиндистоннинг 150 дан ортиқ округида фаолият юритувчи 2 мингдан зиёд диагностика маркази ва лабораториядан иборат тармоқни шакллантирган.
Айни пайтда тармоқ 150 дан ортиқ компьютер томографияси аппарати, 100 дан зиёд МРТ ускунаси ва 1 800 дан ортиқ рентгенология марказига эга.