Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 22 октябрь куни Самарқандда Болалар фаровонлигига инвестициялар киритиш тўғрисидаги Самарқанд декларацияси қабул қилинди.
Ҳужжат 21–22 октябрь кунлари бўлиб ўтган «Болалар фаровонлигига инвестициялар: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт йўли» мавзусидаги Жаҳон саммитининг икки кунлик якунлари бўйича қабул қилинди.
Саммит Ўзбекистон томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича махсус вакили, ЮНИСЕФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тадбирда биринчи хонимлар, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш, таълим ва молия вазирлари, давлатлар вакиллари, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти, илмий доиралар ва бизнес вакиллари, шунингдек, болалар ва ёшлар иштирок этди.
Декларацияда иштирокчилар Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга ва боланинг энг устун манфаатларини таъминлаш тамойилига содиқлигини тасдиқлади. Улар болалар дунё аҳолисининг учдан бир қисмини ташкил этишини таъкидлаб, уларнинг фаровонлигига киритилган сармоялар соғлиқни сақлаш ва таълим сифатини яхшилаш, меҳнат унумдорлигини ошириш, ижтимоий бирдамлик ва тинчликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди.
Ҳужжатда давлат сиёсатининг бир қатор устувор йўналишлари белгиланган. Улар орасида ижтимоий ҳимоя тизимларини ривожлантириш, болалар ва оилалар учун нафақаларни, жумладан, инқирозли вазиятларда бериладиган ёрдамни кенгайтириш, шунингдек, болаларга нисбатан зўравонлик, шафқатсиз муносабат ва эксплуатацияга, шу жумладан, интернетдаги таҳдидларга қарши чораларни кучайтириш бор.
Иштирокчилар болаларнинг эрта ривожланишини қўллаб-қувватлаш, инклюзив таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, жумладан, болалардаги онкологик касалликларга қарши курашни такомиллаштириш зарурлигини ҳам таъкидлади. Болаларнинг оилаларидан асоссиз ажратилишининг олдини олиш мақсадида ота-оналар ва васийларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Яна бир устувор йўналиш ёшларни келажак иқтисодиёти талабларига тайёрлашдан иборат. Бу рақамли ва экологик кўникмаларни ривожлантириш, шунингдек, ногиронлиги бўлган ёшларни ҳам қамраб олган ҳолда муносиб иш билан таъминланиш имкониятларини кенгайтиришни назарда тутади.
Декларациянинг алоҳида бўлими молиялаштириш масалаларига бағишланган. Давлатларга болаларга йўналтириладиган давлат инвестицияларини изчил ошириш ва миллий бюджетларни шакллантиришда болалар манфаатларини ҳисобга олиш ҳамда бюджетлар шаффофлигини кучайтириш тавсия этилди.
Халқаро молия институтлари, тараққиёт бўйича ҳамкорлар, хайрия жамғармалари ва хусусий сектор болаларга мўлжалланган дастурларни молиялаштиришни кўпайтиришга чақирилди. Бунда даромад даражаси паст ва ўртача бўлган мамлакатларга, шунингдек, қуролли можаролар, иқлим ўзгариши оқибатлари ва табиий офатларга дуч келаётган давлатларга алоҳида эътибор қаратиш таклиф қилинди.
Декларацияда болалар ва ўсмирлар жамият ҳаётининг тенг ҳуқуқли иштирокчилари ҳамда ўзгаришлар ташаббускорлари сифатида эътироф этилди. Иштирокчилар уларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнларида, жумладан, мазкур ҳужжатни амалга оширишда хавфсиз ва мазмунли иштирокини таъминлашга тайёрлигини билдирди.
Декларация ижросини ҳар бир мамлакат белгилайдиган муддатларни ҳисобга олган ҳолда миллий стратегиялар ва бюджетлар орқали таъминлаш, шунингдек, мунтазам ҳисобот бериб бориш кўзда тутилган. Иштирокчилар эришилган натижаларни баҳолаш учун яна учрашишга ҳам келишиб олди. Саммит ташкилотчилари давлатларга ҳужжатни амалда бажаришда кўмаклашишга таклиф этилди.
Иштирокчилар Самарқандда саммит ташкил этилгани учун Ўзбекистон халқи ва ҳукуматига миннатдорлик билдириб, шаҳарни «цивилизациялар чорраҳаси» деб атади.
Саммит якунларини «Оскар» мукофоти совриндори Эдриан Броуди сарҳисоб қилди. У, шунингдек, Шаҳноза Мирзиёевага ўз қўли билан чизган картинасини совға қилди.