Financial Times: Яшил энергетика Ўзбекистон иқтисодиётини ўзгартирмоқда
VideoFinancial Times: Яшил энергетика Ўзбекистон иқтисодиётини ўзгартирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Буюк Ипак йўлининг тарихий чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон иқтисодиётини кенг кўламда модернизация қилиш мақсадида қайта тикланувчи энергия манбаларига жадал ўтишни амалга оширмоқда.
Financial Times нашрининг махсус репортажида таъкидланишича, энергетика соҳасидаги кенг қамровли ислоҳот республика учун иқтисодиётни либераллаштириш ва халқаро капитални жалб қилишнинг асосий воситасига айланган.
Узоқ йиллар давомида Ўзбекистон энергетика тизими тўлиқ табиий газга таянган. Бироқ 1991 йилдан буён мамлакат аҳолиси қарийб икки бараварга ошди, иқтисодиёт эса ҳар йили ўртача 6–7 фоиз суръатларда ўсиб, энергия истеъмолининг кескин ортишига олиб келди.
Энергетика вазирининг маълум қилишича, мамлакат табиий газнинг соф экспортчисидан унинг соф импортчисига айланган. Вазият нефт конларининг тахминан 85 фоизи тугаб бораётгани ва мавжуд газ захиралари келгуси 20 йил ичида камайиб кетиши мумкинлиги билан янада мураккаблашмоқда.
Шу шароитда мамлакат раҳбарияти собиқ совет давридан қолган монополия тизимини ислоҳ қилишга киришди. 2018 йилда ягона энергетика тизими энергия ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш бўйича алоҳида тузилмаларга ажратилди. Шу билан бирга, электр энергияси ишлаб чиқариш соҳаси хусусий капитал учун очилди. Соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини таъминлашда истеъмол тарифларини ислоҳ қилиш муҳим қадам бўлди.
Янги бозорга биринчи бўлиб Форс кўрфази давлатларининг йирик давлат инвестиция фондлари кириб келди. Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси 2020 йилдан буён Ўзбекистонда умумий қиймати 15 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган ва 11 400 мегаватт қувватни қамраб олган лойиҳалар портфелини шакллантирди.
Бозорнинг яна бир муҳим иштирокчиси — Бирлашган Араб Амирликларининг Masdar компанияси 2019 йилдан буён қуёш ва шамол энергетикаси, шунингдек, энергия сақлаш тизимларига 2 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритди. Шу билан бирга, мутахассислар йирик ғарб инвесторлари ҳали республика бозорига фаол кириб келмаётганини қайд этмоқда. Уларнинг фикрича, араб фондларидан фарқли равишда, ғарб сармоядорлари геосиёсий хавфларга нисбатан сезгирроқ бўлиб, инвестициялар учун қўшимча суғурта механизмларини талаб қилади.
Яшил энергетикага ўтиш нафақат макроиқтисодий даражада, балки аҳоли ва бизнеснинг кундалик ҳаётида ҳам ўзгаришлар яратмоқда.
Шаҳар кўчаларида маҳаллий ишлаб чиқарилаётган BYD электробуслари ва электромобиллари сони ошиб бормоқда. Давлат субсидиялари ва банк кредитларидан фойдаланаётган аҳоли уй томларига қуёш панелларини фаол ўрнатмоқда.
Маҳаллий бизнес, айниқса тўқимачилик ва аграр тармоқлар учун қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш жаҳон таъминот занжирларига интеграциялашишнинг муҳим шартига айланган. Чунки халқаро брендлар ўз етказиб берувчиларидан яшил иқтисодиёт стандартларига мувофиқликни талаб қилмоқда.
Мазкур дастур олдидаги асосий муаммо электр тармоқларининг ҳолати бўлиб қолмоқда. Мамлакат электр тармоқларининг 60 фоиздан ортиғи 30 йилдан зиёд вақтдан бери эксплуатация қилиб келинмоқда.
Газ электр станцияларининг эскириши ва гидроэнергетика учун сув ресурслари тақчиллиги шароитида энергия сақлаш тизимлари тармоқ барқарорлигини таъминлашнинг муҳим ечими сифатида қаралмоқда. Инфратузилмавий чекловларни бартараф этиш учун ҳукумат электр энергияси ишлаб чиқарувчиларни 5 минг километрдан ортиқ юқори кучланишли электр узатиш линиялари ва янги подстанциялар қурилишига жалб қилмоқда.
Ислоҳотларнинг дастлабки босқичларидаги муваффақиятлар Ўзбекистонни стратегик мақсадларини янада кенгайтиришга ундади. Энди мамлакат 2030 йилга қадар энергия балансидagi қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 54 фоизга етказишни, 2035 йилгача биринчи атом электр станциясини қуришни ва 2050 йилга бориб углерод нейтраллигига эришишни режалаштирмоқда.
Шунингдек, республика электр энергиясини Жанубий Осиё мамлакатларига, жумладан Покистон ва Афғонистонга экспорт қилишни ҳамда Қозоғистон ва Озарбайжон билан ҳамкорликда Қора денгиз туби орқали ўтадиган «яшил коридор» лойиҳаси орқали Европа ягона энергетика тизимига уланишни кўзламоқда.
Энергетика соҳасида давлат-хусусий шериклик бўйича тўпланган тажрибани ҳукумат соғлиқни сақлаш, таълим ва ирригация соҳаларига ҳам татбиқ этишни режалаштирмоқда.
Айрим халқаро кузатувчилар тез ўсиш суръатлари шароитида бюрократик тўсиқлар ва институционал имкониятлар етарли эмаслиги ҳақида шубҳалар билдирса-да, экспертлар Ўзбекистондаги ўзгаришлар суръати ва йўналиши уни бутун минтақа учун ўзига хос намунага айлантираётганини таъкидламоқда.