Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — ФИФА президенти Жанни Инфантино бошчилигидаги Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси делегацияси 29–30 сентябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турибди.
Меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Ирматов кутиб олди.
Ташриф дастуридан қатор лойиҳалар ва объектлар билан танишиш ўрин олган. Улар мамлакатда футболни оммалаштириш, футбол инфратузилмасини ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Томонлар Ўзбекистон футболи ривожига, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлашга ва ушбу спорт турини республикада янада оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратиши режалаштирилган.