Фарғона вилоятида ЙПХ инспектори босиб кетилиши оқибатида вафот этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятида маст ҳолатда бўлган Spark автомашинаси ҳайдовчиси транспорт воситасини тўхтатишга уринган йўл-патруль хизмати инспекторини босиб кетди. Оғир тан жароҳатлари олган ички ишлар ходими шифохонада вафот этди.
Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати маълум қилишича, ҳодиса 31 июль куни соат 23:30 атрофида Ўзбекистон туманидаги «Ўқчи» маҳалласи орқали ўтувчи автомобиль йўлининг 20-километрида содир бўлган.
Идора маълумотига кўра, 30 ёшли ҳайдовчи транспорт воситасини тўхтатиш ҳақидаги қонуний талабга бўйсунмаган ва тунги навбатда хизмат ўтаётган Фарғона вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл-патруль хизмати катта инспектори, сержант Ҳаётбек Каримжоновни босиб кетган.
Жабрланган инспектор оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Бироқ шифокорларнинг барча саъй-ҳаракатларига қарамай, у реанимация бўлимида вафот этган.
Ўзбекистон тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси иккинчи қисми (транспорт воситаларидан фойдаланиш ёки ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одам ўлимига сабаб бўлиши) ҳамда 117-моддаси иккинчи қисми (хавф остида қолдириш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда иш бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ички ишлар бошқармаси маълум қилишича, Ҳаётбек Каримжонов 2022 йилдан буён ички ишлар органларида хизмат қилиб келган. Ундан онаси, турмуш ўртоғи ва икки нафар фарзанди қолган.