Фарғонада биомассани қайта ишлаш мажмуаси қурилади
Фарғонада биомассани қайта ишлаш мажмуаси қурилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғонада вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзоҳид Убайдуллаев Жанубий Кореянинг KICC (Korea Institute of Climate Change) компанияси президенти Ёнг Вон Шин бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда Фурқат туманида амалга оширилиши режалаштирилаётган электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш корхонасини барпо этиш лойиҳаси муҳокама қилинди.
Мазкур лойиҳа қишлоқ хўжалиги чиқиндиларини қайта ишлаш ва улардан самарали фойдаланиш орқали ҳудудни барқарор электр ҳамда иссиқлик энергияси билан таъминлашга хизмат қилади. Лойиҳа экологик барқарорликни таъминлаб, атроф-муҳит муҳофазасини кучайтиришда ва янги иш ўринларини яратишда муҳим аҳамият касб этади. Маҳаллий иқтисодиётни ривожлантиради.
Мулоқотда айни жиҳатлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Бундан ташқари вилоятдаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, тиббиёт соҳаси учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш истиқболлари юзасидан ҳам таклифлар билдирилди.
Учрашувда компаниянинг илғор тажрибасини Фарғона вилоятида жорий этиш, тақдим этилган инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирлари юзасидан фикр алмашилди.
Ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.