Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон ва Rubicon Water сув хўжалигини рақамлаштириш соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради

UzDaily таҳририяти · 08.07.2026 · 12:30 · 28 views
Ўзбекистон ва Rubicon Water сув хўжалигини рақамлаштириш соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради

Ўзбекистон ва Rubicon Water сув хўжалигини рақамлаштириш соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 6 июль куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев Rubicon Water компаниясининг Шимолий Америка бўйича бош директори Даррен Макгрегор билан учрашув ўтказди.

Учрашувда сув хўжалигини рақамлаштириш, ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш, замонавий бошқарув технологияларини жорий этиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Вазир мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, рақамли бошқарув тизимлари, гидротехник иншоотларни автоматлаштириш, ягона рақамли платформа ва сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ишлари ҳақида маълумот берди.

Томонлар Қашқадарё вилоятида амалга оширилган пилот лойиҳанинг натижаларини юқори баҳоладилар.

Лойиҳа доирасида Миришкор ва Камаши каналларининг 13,4 километр қисмида 26 та автоматлаштирилган гидротехник иншоот ўрнатилиб, масофавий бошқарув ва мониторинг тизими жорий этилди. Натижада 6,5 минг гектардан ортиқ суғориладиган ерларнинг сув таъминоти яхшиланиб, сув тақсимотини бошқариш самарадорлиги 30–40 фоизга ошди.

Шунингдек, томонлар ирригация тизимларини модернизация қилиш бўйича йирик лойиҳани амалга оширишнинг кейинги босқичлари, халқаро молиявий ресурсларни жалб қилиш ҳамда Рубисон Ватер технологиялари ва ускуналарини Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Компания вакиллари Австралия, АҚШ, Ҳиндистон, Хитой ва бошқа давлатларда амалга оширилган лойиҳалар тажрибаси ҳамда рақамли технологияларни жорий этиш орқали эришилган натижаларни тақдим этдилар.

Учрашувда кадрлар тайёрлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети билан ҳамкорликни ижобий баҳолаб, институт негизида мутахассислар тайёрлашни давом эттириш, шунингдек, унинг Юта университети ва Мелбурн университети билан академик ҳамкорлигини янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар.

Шунингдек, томонлар Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, сув ресурсларини бошқариш, рақамли технологиялар, автоматлаштириш ва сув тежаш соҳаларида қўшма илмий тадқиқотлар ҳамда инновацион ишланмаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Учрашув якунида вазир компания раҳбариятини жорий йил кузда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Сувни тежаш бўйича Бутунжаҳон форуми ва Water Tech Expo 2026 халқаро кўргазмасида иштирок этишга таклиф қилди. Rubicon Water компанияси раҳбарияти таклифни мамнуният билан қабул қилиб, кўргазмада фаол иштирок этиш, ўзининг илғор технологиялари ва инновацион ишланмаларини намойиш этишга тайёр эканлигини билдирди.

Томонлар учрашув якунида сув хўжалиги соҳасини рақамлаштириш, замонавий технологияларни жорий этиш, маҳаллийлаштириш, илмий-таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.