Иқтисод

Фарғона вилояти ва Япония ҳамкорлик йўналишларини кенгайтирмоқда

Фарғона вилояти ва Япония ҳамкорлик йўналишларини кенгайтирмоқда
Фарғона вилояти ва Япония ҳамкорлик йўналишларини кенгайтирмоқда / Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров давлат муассасалари ва йирик бизнес вакилларидан иборат, Уэда Киёси бошчилигидаги Япония делегацияси билан учрашув ўтказди.

Томонлар келгусидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди.

Делегация таркибидан савдо ва меҳмонхона бизнеси соҳаларида фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳам ўрин олди.

Ташриф доирасида Япония вакиллари Қува туманидаги «Quva Agro Star» МЧЖга бориб, корхона фаолияти билан танишди.

Меҳмонларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан тортиб, уларни саралаш, қайта ишлаш ва қадоқлашгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш жараёни намойиш этилди. Шунингдек, маҳсулотларни сотувга тайёр ҳолатга келтириш жараёни алоҳида кўрсатиб берилди.

Учрашувлар давомида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётгани таъкидланди.

Иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш бўйича Япония тажрибасини ўрганиш, шунингдек, турли соҳаларда қўлланилаётган замонавий ёндашувларни ўзлаштириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам алоқалар ва мулоқот икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканини ҳам қайд этди.

Учрашув якунига кўра, Фарғона вилояти ва Япония томони ўртасида ҳамкорликнинг янги йўналишлари белгилаб олинди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.