Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятида энергия тежамкор ва экологик тоза технологиялардан фойдаланган ҳолда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг Yude Intelligent Building Materials компанияси бош директори ўринбосари Цуй Цзюньцян ва унинг Қирғизистондан келган ҳамкорлари билан учрашув ўтказди.
Томонлар қурилиш материаллари соҳасида замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш истиқболларини кўриб чиқди. Компания вакиллари унинг халқаро фаолияти ва турли мамлакатлардаги иш тажрибаси ҳақида маълумот берди, шунингдек, Фарғона вилоятидаги инвестиция муҳитини юқори баҳолади.
Хайрулло Бозоров илғор технологияларга асосланган лойиҳалар саноатни ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб этишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. У вилоят Хитой инвесторлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли лойиҳани амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқишга келишиб олди.