Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт Дастури Нуробод тумани учун ривожланиш режаларини тақдим этди
Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт Дастури Нуробод тумани учун ривожланиш режаларини тақдим этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегациясининг Муваққат ишлар вакили Рената Вробел хоним ва БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги Доимий вакиласи Акико Фужии хоним Самарқанд вилоятининг Нуробод тумани ҳокими билан учрашдилар ҳамда ҳудудни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар.
Учрашув давомида меҳмонларга туман учун ишлаб чиқилган комплекс бош режалар тақдим этилди. Ушбу режалар инфратузилмани модернизация қилиш, туризм салоҳиятини ошириш ва аҳоли учун янада қулай яшаш муҳитини яратишга қаратилган.
Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган ҳамда БМТ Тараққиёт Дастури ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистонда давлат хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган бош режалар Нуробод туман маркази, Нурбулоқ соғломлаштириш маскани ҳамда Ҳазрати Довуд зиёратгоҳини қамраб олади.
Улар иқтисодий фаолликни рағбатлантириш, янги инвестицияларни жалб қилиш ва маҳаллий аҳоли турмуш сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Режалар доирасида жамоат ҳудудларини ободонлаштириш, пиёдалар учун қулай муҳит яратиш, тиббий ва соғломлаштириш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда зиёрат ва экотуризм имкониятларини кенгайтириш назарда тутилган.