Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Ўзбекистон

Тошкентда янги Yutong электробуси синовдан ўтказилмоқда

Дилафруз Ниязова · 19.08.2026 · 21:20 · 54 views
Тошкентда янги Yutong электробуси синовдан ўтказилмоқда
Тошкентда янги Yutong электробуси синовдан ўтказилмоқда / Фото: Видеодан олинган кадр.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда 26-сонли «Мажнунтол маҳалласи — Олой бозори» автобус йўналишида янги YUTONG ZK6890BEVG электробуси синовдан ўтказилмоқда. Синовлар бир ойга мўлжалланган бўлиб, «Toshshahartranskhizmat» АЖ ва Хитойнинг «Yutong Holdco Ca» компанияси ўртасида транспорт воситасини вақтинча бериш тўғрисидаги шартнома доирасида амалга оширилмоқда. Бу ҳақда «Toshshahartranskhizmat» АЖ ахборот хизмати хабар берди.

Электробус 2026 йил 12 август куни йўналишга чиқарилган ва бошқа автобуслар билан биргаликда ҳаракатланмоқда. Йўналишга «1-автобус саройи» филиали хизмат кўрсатмоқда.

Синовлар давомида мутахассислар YUTONG ZK6890BEVG электробусининг Тошкент шароитидаги техник ва эксплуатацион хусусиятларини, шунингдек, йўловчиларга хизмат кўрсатиш қулайлиги ҳамда транспорт воситасидан фойдаланиш самарадорлигини баҳолашни режалаштирмоқда.

Электробус кондиционерлар ва электрон қурилмаларни қувватлаш учун портлар билан жиҳозланган.

26-сонли йўналиш шаҳарнинг ички кўчаларини марказий ҳудудлар билан боғлаб, ушбу ҳудудлар ўртасида йўловчилар ташилишини таъминлайди. Йўналишнинг ўзига хос хусусиятлари туфайли унда узунлиги 9 метр бўлган автобуслардан фойдаланилади.

Синовлар якунлари бўйича электробуснинг шаҳар шароитида ишлаши ҳақида маълумотлар тўпланади. «Toshshahartranskhizmat» компанияси қўшимча равишда электробуснинг йўналишдаги фаолияти ва синовлар жараёни ҳақида маълумотлар алоҳида тақдим этилишини билдирди.

Синовлар компаниянинг Тошкентда замонавий ва қулай жамоат транспорти турларини ривожлантириш бўйича ишлари доирасида ўтказилмоқда.