Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Ўзбекистон

Туркияда 10 га яқин Ўзбекистон фуқароси текширилмоқда

Дилафруз Ниязова · 18.08.2026 · 21:44 · 362 views
Туркияда 10 га яқин Ўзбекистон фуқароси текширилмоқда
Туркияда 10 га яқин Ўзбекистон фуқароси текширилмоқда / Фото: Ўзбекистон ТИВ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туркиянинг Ойдин вилоятида банк карталаридан фойдаланган ҳолда шубҳали пул ўтказмалари амалга оширилгани билан боғлиқ ҳолат юзасидан 10 га яқин Ўзбекистон фуқаросига нисбатан тергов ва текширув тадбирлари ўтказилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси маълум қилди. Консулхона ушбу маълумотни Туркия Ички ишлар вазирлигининг тегишли тузилмаларидан олган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда мазкур иш доирасида 30 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси ушлангани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг дастлабки маълумотларига кўра, тергов ва текширув тадбирлари тахминан 10 нафар Ўзбекистон фуқаросига нисбатан олиб борилмоқда.

Уларнинг айримлари суд қарорлари асосида жазони ижро этиш муассасаларида, бошқалари эса депортация марказларида сақланмоқда. Яна бир қисми Туркия ҳудудини тарк этмаслик шарти билан озод қилинган. Уларга нисбатан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Консулхонада таъкидланишича, фуқароларга нисбатан қўлланилаётган ҳуқуқий чоралар уларнинг ишга тахмин қилинган даражада алоқадорлиги, банк ҳисоб рақамлари орқали ўтказилган маблағлар миқдори ва тергов жараёнида аниқланаётган бошқа ҳолатларга боғлиқ.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси Туркия органлари билан ҳамкорликда вазиятни кузатиб бормоқда ҳамда фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда.

Консулхона Ўзбекистон фуқароларини банк карталари, ҳисоб рақамлари ва мобил банкинг хизматларидан фойдаланиш имкониятини учинчи шахсларга бермасликка чақирди. Шунингдек, фуқароларга бошқа шахсларнинг илтимосига кўра келиб чиқиши номаълум бўлган пул маблағларини қабул қилмаслик ва ўтказмаслик тавсия этилди.

Дипломатик ваколатхона банк картаси ёки ҳисоб рақамини бошқа шахсларга фойдаланиш учун бериш, шунингдек, келиб чиқиши номаълум бўлган маблағларни ўтказишда воситачилик қилиш Туркия қонунчилигига мувофиқ жиддий ҳуқуқий жавобгарликка олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Бош консулхона Туркияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини мамлакат қонунчилигига риоя қилишга ва шубҳали молиявий операцияларда иштирок этмасликка чақирди.