Депутатлар инвестицияларни жалб қилиш ва дуал таълимни ривожлантириш чораларини маъқулладилар
Депутатлар инвестицияларни жалб қилиш ва дуал таълимни ривожлантириш чораларини маъқулладилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, хусусан, чет эл фуқароларининг мамлакатимиз иқтисодиётига сармоя киритишини рағбатлантириш, тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишда қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган. Лойиҳада шунингдек мамлакатимизда дуал таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган чоралар ҳам кўзда тутилган.
Халқ вакиллари фикрича, қонун лойиҳада кўзда тутилган солиқ маъмурчилигини соддалаштириш, хусусан чет эл фуқаролари учун махсус солиқ режимининг жорий қилиниши уларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарида олган даромадларини солиқдан озод қилиш имконини беради. Бу эса, мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун янада жозибадор муҳит яратишга хизмат қилади.
Шунингдек, лойиҳада саноат корхоналарида дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ходимлар учун ижтимоий солиқ ставкаси 2030 йил 1 январга қадар бўлган даврда икки баравар камайтирилиб, амалдаги 12 фоиздан 6 фоизга туширилиши миллий иқтисодиёт учун зарур бўлган малакали кадрларни дуал таълим орқали тайёрлашни рағбатлантиришга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.