Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

CefoBio ва Ўзбекистон регенератив тиббиёт лойиҳаларини муҳокама қилишди

Дилафруз Ниязова · 12.08.2026 · 13:26 · 18 views
CefoBio ва Ўзбекистон регенератив тиббиёт лойиҳаларини муҳокама қилишди
CefoBio ва Ўзбекистон регенератив тиббиёт лойиҳаларини муҳокама қилишди / Фото: Тиббиёт ва фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизовнинг Корея Республикасига амалий сафари доирасида навбатдаги учрашув “CefoBio” компанияси бош директори Пак Хён Сук билан бўлиб ўтди.

Мулоқотда ҳужайра терапияси, регенератив тиббиёт ва илғор биотехнологиялар соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Томонлар суяк тўқималарини регенерация қилиш технологиялари бўйича Фармацевтика техник университети (PTU) билан ҳамкорликда қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, ушбу технологияларни Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш имкониятларини биргаликда ўрганиш бўйича дастлабки келишувларга эришдилар.

Шунингдек, Корея компаниясининг илғор биотехнологик ишланмаларини мамлакатимизда жорий этиш, илмий-тадқиқот салоҳиятини бирлаштириш ва янги авлод тиббий технологияларини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

“CefoBio” — суяк тўқималарини регенерация қилиш учун терапевтик препаратлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган биотехнология компанияси. Компания замонавий GMP марказига эга бўлиб, унинг таркибида 3 та мустақил ишлаб чиқариш участкаси ҳамда вирусология, микоплазма, стериллик ва физик-кимёвий таҳлил лабораториялари фаолият юритади.