Тошкентда мотоциклист 15 суткага маъмурий қамоққа олинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда инспекторларнинг транспорт воситасини тўхтатиш ҳақидаги қонуний талабини бажармасдан, юқори тезликда ҳаракатланишда давом этган мотоциклист 15 суткага маъмурий қамоққа олинди. Бу ҳақда Tashkent_Land хабар берди.
Ҳодиса «Янги Ўзбекистон» боғи яқинидаги йўлда содир бўлган. Мотоциклист қоидабузарлик акс этган видеони ижтимоий тармоқларга жойлаштирган. Видеода у Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (ЙҲХБ) ходимларининг тўхташ ҳақидаги талабига қарамай, ҳаракатни давом эттиргани кўриниб турибди.
ЙҲХБ ходимлари ҳайдовчининг шахсини аниқлаганидан сўнг, унга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Иш судда кўриб чиқилиши натижасида қоидабузарга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Бундан ташқари, эркакда фақат «B» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси борлиги аниқланди. Мотоцикл бошқариш учун эса «A» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилади.
Маъмурий қамоқ жазосини ўтаб бўлганидан сўнг ҳайдовчилик гувоҳномасида зарур тоифа мавжуд эмаслиги сабабли ҳайдовчига нисбатан қўшимча чоралар кўрилиши мумкин.
ЙҲХБ йўлларда видеокузатув олиб борилаётганини эслатиб, яшириниш ёки жавобгарликдан қочишга уриниш қоидабузарларни жазодан озод қилмаслигини таъкидлади.