Депутатлар ҳимоянинг процессуал ҳуқуқларини кенгайтиришни маъқулладилар
Депутатлар ҳимоянинг процессуал ҳуқуқларини кенгайтиришни маъқулладилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Мазкур лойиҳа билан Жиноят-процессуал кодекс ҳамда “Адвокатура тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш белгиланмоқда.
Лойиҳага кўра, жиноят иши судга фақат айблов хулосаси ёки айблов далолатномаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга киритилиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, ҳимоячига дастлабки тергов ёки суриштирув якунланганидан кейин беш сутка ичида “ҳимоя фикри”ни тақдим этиш ҳуқуқи берилиши белгиланмоқда. Ҳимоя фикридаайбловга муносабат, далиллар, жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар, судга чақирилиши сўралаётган шахслар ва бошқа фикрлар акс эттирилиши мумкин.
Киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар суд муҳокамаларида тенгликни таъминлаш, судьянинг иш бўйича ҳар икки томон фикри билан олдиндан танишишига имконият яратиш ҳамда одил судлов сифатини оширишга хизмат қилади.
Мазкур қонун лойиҳаси қабул қилиниши билан суд жараёнларида тортишув принципи мустаҳкамланади, адвокатнинг роли ва таъсири ортади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.