Парламент аъзолари Покистон билан келишувни ратификация қилишни маъқулладилар
Парламент аъзолари Покистон билан келишувни ратификация қилишни маъқулладилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисида Битимни (Исломобод, 2026 йил 5 февраль) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Мазкур Битим муқаддима ва 25 та моддадан иборат бўлиб, жиноят содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этилган чет эл фуқароларига тайинланган жазони ўз фуқароси бўлган давлатда ўташ имкониятини яратади. Бу эса маҳкумларнинг ижтимоий реабилитация қилиниши ва қайта тарбияланишига кўмаклашади.
Битимга мувофиқ, бир давлат ҳудудида судланган ва бошқа томоннинг фуқароси бўлган маҳкум, белгиланган шартлар асосида жазонинг қолган қисмини ўз мамлакатида ўташ учун ўтказилиши мумкин.
Бунда ҳукмни ижро этувчи давлат маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирмаган ҳолда жазонинг қолган қисмини ижро этишни таъминлайди. Маҳкумни топшириш ҳукм чиқарган давлат судининг қонуний кучга кирган қарори асосида амалга оширилади. Ҳукмни ижро этувчи давлат эса мазкур ҳукмга мувофиқ маҳкумнинг жазонинг қолган қисмини ўз ҳудудида ўташини таъминлайди.
Битимга кўра, маҳкум ҳукмни ижро этувчи давлатга топширилгандан кейинги барча харажатлар ушбу давлат томонидан қопланади. Агар маҳкум транзит орқали олиб ўтилса, бу билан боғлиқ харажатлар транзит амалга оширилаётган давлат зиммасига юклатилади.
Шунингдек, Битимда маҳкумни топширишни рад этиш асослари, ҳукмни қайта кўриб чиқиш, авф ва амнистия қўллаш, жазони енгиллаштириш ёки жазодан озод этиш тартиби, маҳкумни топшириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш, низоларни ҳал этиш, томонлар ўртасидаги расмий алоқа тиллари, Битимга ўзгартириш киритиш ҳамда унинг кучга кириши, амал қилиши ва бекор қилинишига оид қоидалар белгилаб қўйилган.
Мажлисда ушбу Битимнинг ратификация қилиниши маҳкумларни топшириш соҳасида икки давлат ўртасидаги ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашга, маҳкумларнинг ўз давлатида жазо ўташи орқали уларнинг ижтимоий реабилитациясини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.