Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Давлатимиз раҳбари Наманган халқаро гуллар фестивалининг меҳмони бўлди

UzDaily · 23.06.2026 · 22:42 · 16 views
Давлатимиз раҳбари Наманган халқаро гуллар фестивалининг меҳмони бўлди

Давлатимиз раҳбари Наманган халқаро гуллар фестивалининг меҳмони бўлди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев Наманганга ташрифи асносида анъанавий гуллар фестивалига ташриф буюрди.

Фестиваль муддати 2018 йилдаги 3 кундан 2025 йилда 40 кунга узайтирилгани натижасида хорижлик сайёҳлар сони 25 мингдан 800 минг нафарга, маҳаллий туристлар эса 6,4 миллион нафарга етди.

Навбатдаги мақсад – 50 дан ортиқ давлатдан 1 миллион нафар хорижий ва 7 миллион нафар маҳаллий туристни жалб этиш, 150 дан зиёд тадбир ўтказиш ҳамда хизматлар ҳажмини 8 триллион сўмга етказиш.

Жорий йил 24 майдан 12 июлга қадар давом этадиган 65-халқаро гуллар фестивали ҳам ўзгача шукуҳ билан ўтмоқда.

Фестиваль “Гиннесснинг рекордлар китоби”га расман киритилди. Унинг доирасида китоб вакиллари бир ой давомида Наманган шаҳри аҳолиси томонидан 29 миллиондан зиёд гул кўчати қўлда экилиши жараёнини кузатди. Натижада жаҳон рекорди қайд этилди.

Наманган шаҳрининг 45 та маҳалласи гулчиликка ихтисослаштирилиб, 16 минг хонадон қамраб олинди, 21 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланди. Ушбу хонадон томорқаларида март-апрель ойларида 4 минг 683 та иссиқхона ташкил этилиб, 120 миллион дона гул кўчати етиштирилди. Одамлар қўшимча 300 миллиард сўм даромадга эга бўлди.

Давлатимиз раҳбари фестиваль доирасида барпо этилган гул композициялари, мавзули майдонлар ва кўргазмаларни кўздан кечирди. Гулчилик билан шуғулланаётган аҳоли, тадбиркорлар, фестиваль иштирокчилари ва меҳмонларни қутлади.

UzDaily · 👁 16 views · 23.06.2026 · 22:42