Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Беҳруз Каримов Швейцария чемпионатининг 9-туридан ўрин олган учрашувда натижали узатма муаллифи бўлди. Унда «Лугано» сафарда «Лозанна»ни 4:0 ҳисобида йирик ҳисобда мағлуб этди. Учрашув «Стад де ла Туйер» стадионида бўлиб ўтди.
«Лугано»нинг тўртта голининг барчасини ҳимоячилар урди. Марказий ҳимоячи Ханнес Делкруа хет-трик қайд этди. У 35-дақиқада бурчак зарбасидан кейин ҳисобни очди, 48-дақиқада эса бош билан зарба бериб, жамоаси устунлигини икки карра оширди.
Делкруа учинчи голини 52-дақиқада Беҳруз Каримовнинг ўнг қанотдан узатган тўпини бош билан дарвозага йўллаб киритди. «Лугано»нинг тўртинчи голи автогол бўлди: 61-дақиқада «Лозанна» ҳимоячиси Карим Соу захирадан майдонга тушган Маттиа Дзаноттининг узатмасидан кейин тўпни ўз дарвозасига киритиб қўйди.
«Лугано»нинг учинчи голига қадар «Лозанна» бир киши кам бўлиб қолди. 52-дақиқада мезбонлар футболчиси, «Манчестер Юнайтед»дан ижарага олинган Секу Коне Анто Гргичга қарши қўпол қоидабузарлик учун тўғридан-тўғри қизил карточка олди.
Ғалабадан сўнг «Лугано» Швейцария Суперлигаси турнир жадвалида якка пешқадамликни сақлаб қолди. Тўққиз турдан кейин жамоа 25 очко тўплаган бўлиб, саккизта ғалаба қозонган ва бир марта дуранг ўйнаган. Клубни энг яқин таъқибчиси «Янг Бойз»дан олти очко ажратиб турибди.
19 ёшли Беҳруз Каримов учун голли узатма Швейцария клуби сафидаги кетма-кет иккинчи натижали ҳаракати бўлди. Ундан аввалги турда, 16 сентябрь куни, Каримов «Лугано»нинг «Санкт-Галлен» устидан 4:1 ҳисобидаги ғалабали ўйинида клубдаги илк голини урган эди.
Каримов 2026 йил август ойида Тошкентнинг «Сурхон» клубидан «Лугано»га ўтган. Клуб билан шартнома беш йилга мўлжалланган.