7
Спорт

Баходир Жалолов Лондонда Соломон Дакресни мағлуб этди

Баходир Жалолов Лондонда Соломон Дакресни мағлуб этди
Баходир Жалолов Лондонда Соломон Дакресни мағлуб этди / Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонлик икки карра Олимпия чемпиони Баходир Жалолов Лондон шаҳридаги O2 Arena аренасида оғир вазн тоифасида ўтказилган жангда британиялик Соломон Дакресни ҳакамларнинг якдил қарори билан мағлуб этди. Учала ҳакам ҳам ўзбекистонлик боксчи фойдасига 99:91 ҳисобини қайд этди.

Ўн раундга мўлжалланган жанг тўлиқ масофада давом этди. Дастлабки тўрт раундда Жалолов рақибига бир нечта кучли ва аниқ зарбалар йўллади. Бешинчи раундда эса британиялик боксчини нокдаунга учратди. Жангнинг қолган қисмида ҳам ўзбекистонлик спортчи баҳс жараёнини назорат қилиб, очколар ҳисобига ғалаба қозонди.

Ушбу ғалаба 32 ёшли Жалолов учун профессионал фаолиятидаги 18-ғалаба бўлди. У 15 та жангни муддатидан олдин якунлаган.

Ўзбекистонлик боксчи аввалги жангини 9 май куни Манчестер шаҳрида ўтказган ва хорватиялик Агрон Смакичини нокаутга учратган эди.

Жалолов билан учрашувга қадар Дакрес профессионал рингда 10 та ғалаба қозониб, бир марта мағлуб бўлган эди. Британиялик боксчи учта ғалабага нокаут орқали эришган. Ўзбекистонлик боксчига қарши жангдан кейин унинг профессионал рекордидаги мағлубиятлар сони иккитага етди.

Жалолов ҳаваскор боксда ҳам катта муваффақиятларга эришган. У 2020 ва 2024 йилларда Олимпия ўйинларининг олтин медалларини қўлга киритган, шунингдек, 2019 ва 2023 йилларда икки марта жаҳон чемпиони бўлган.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.