Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

Azerbaijan Mining Expo 2027 Бокуда 8–10 сентябрда ўтказилади

Дилафруз Ниязова · 18.08.2026 · 11:30 · 4 views
Azerbaijan Mining Expo 2027 Бокуда 8–10 сентябрда ўтказилади
Azerbaijan Mining Expo 2027 Бокуда 8–10 сентябрда ўтказилади / Фото: Azerbaijan Mining Expo.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Халқаро Azerbaijan Mining Expo 2027 кўргазмаси 2027 йил 8–10 сентябрь кунлари Бокудаги Baku Expo Center мажмуасида бўлиб ўтади.

Тадбирда Озарбайжон, Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатлари, шунингдек, бошқа халқаро бозорлардан тоғ-кон саноати вакиллари, давлат органлари, инвесторлар, EPC-пудратчилари, муҳандислик компаниялари, ускуна ишлаб чиқарувчилар ва технологиялар етказиб берувчилар иштирок этади.

Кўргазма тоғ-кон саноатини ривожлантиришнинг асосий йўналишларига бағишланади ва қиймат яратишнинг геологик қидирув ва конларни ўзлаштиришдан тортиб, фойдали қазилмаларни қайта ишлаш ҳамда оғир техника ишлаб чиқаришгача бўлган бутун жараёнини қамраб олади.

Тоғ-кон секторини рақамлаштириш ва ер ости бойликларидан барқарор фойдаланиш тамойилларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилиши режалаштирилган. Экспозицияда соҳадаги ишларнинг турли босқичлари билан боғлиқ ечимлар ва технологиялар намойиш этилади.

Azerbaijan Mining Expo 2027 кўргазмаси Озарбайжон тоғ-кон секторининг ривожланиш даврига тўғри келади. Мамлакат олтин, мис, темир рудаси ва полиметалл рудалари захираларига эга. Қорабоғ ва Шарқий Зангезурда 170 дан ортиқ истиқболли участкалар аниқланган.

Кўргазма материалларида қайд этилишича, Озарбайжон 2030 йилгача фойдали қазилмаларнинг 134 та янги конларини ўзлаштириш ва амалдаги корхоналарни модернизация қилишни режалаштирмоқда.

Ташкилотчилар Azerbaijan Mining Expo 2027 кўргазмасини минтақа тоғ-кон саноатининг янги имкониятларига қизиқувчи компаниялар учун халқаро майдон сифатида тақдим этмоқда.

Кўргазма иштирокчилари янги тоғ-кон лойиҳаларини амалга ошириш доирасида компаниялар ва қарор қабул қилувчи асосий шахслар билан ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, тадбир ускуна ишлаб чиқарувчилар, технологик компаниялар, инвесторлар, муҳандислик ташкилотлари ва тоғ-кон саноати корхоналари ўртасида ҳамкорлик қилиш учун имконият яратиши кутилмоқда.