Arup Тошкент вилоятидаги ривожланиш лойиҳаларини ўрганади
Arup Тошкент вилоятидаги ривожланиш лойиҳаларини ўрганади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бугун Буюк Британиянинг дунёга машҳур «Arup» компанияси вакилларини қабул қилди.
Мулоқотда Тошкент вилоятининг иқтисодий, саноат ва туристик салоҳиятини юксалтиришга қаратилган истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Учрашув давомида вилоят ҳокими ҳудуднинг табиий имкониятларидан унумли фойдаланиш мақсадида Чиноз тумани, хусусан Сирдарё бўйларида замонавий туристик мажмуаларни барпо этиш ва бошқа бир қанча таклифларни илгари сурди.
1946 йилда Лондонда асос солинган «Arup» компанияси лойиҳалаш ва қурилишни режалаштириш ҳамда уларни барча босқичларида бошқариш соҳаларида дунёдаги йирик муҳандислик консорциуми ҳисобланади.
Компания дунёнинг 140 дан ортиқ давлати билан ҳамкорлик қилади ва унинг 37 та мамлакатда ўз офислари мавжуд. Ушбу бренд томонидан лойиҳалаштирилган объектлар ўзининг юқори технологик муҳандислик ечимлари ва ноёб дизайни билан машҳур.
Эътиборлиси, «Arup» компанияси томонидан Ўзбекистонда ҳам бир қатор йирик лойиҳалар, хусусан, Самарқанд туризм маркази (шу жумладан, Конгресс-ҳолл ва 8 та меҳмонхона), "Tashkent City" ишбилармонлик ҳудудидаги Конгресс-ҳолл ва «Hilton» меҳмонхонаси, Ўзбекистон миллий кутубхонаси, шунингдек, бир қатор транспорт ва энергетика инфратузилмаларини қуриш бўйича юқори даражадаги лойиҳалаш ва муҳандислик хизматлари кўрсатилган.
Самимий ва конструктив ўтган учрашув якунида томонлар «Arup» компанияси билан ҳамкорликда Тошкент вилоятида йирик иншоотлар, саноат корхоналари, туристик зоналар ва энергетика соҳаларида қўшма лойиҳаларни батафсил кўриб чиқиш ва тез орада навбатдаги учрашувни ўтказишга келишиб олдилар.