АҚШда айсберг карами билан боғлиқ Cyclospora авж олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АҚШнинг 17 штатида айсберг карамини истеъмол қилиш билан боғлиқ Cyclospora инфекциясининг 10 930 та ҳолати қайд этилди.
Авж олиш оқибатида 454 киши шифохонага ётқизилган, икки киши вафот этган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси хабар берди.
Ҳолат юзасидан текширувни АҚШ Озиқ-овқат ва фармацевтика маҳсулотлари сифатини назорат қилиш бошқармаси (FDA) ҳамда АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) олиб бормоқда.
FDA маълумотларига кўра, 2026 йил 20 август ҳолатига эпидемиологик текширув қайд этилган касалланиш ҳолатларини қайта ишланган айсберг салати билан боғлаган. Маҳсулот Мексиканинг марказий ҳудудларида етиштирилган ва Taylor Farms de Mexico компанияси томонидан етказиб берилган.
Текширув натижалари муносабати билан компания 2026 йил 17 июль куни тегишли маҳсулотларни АҚШ бозоридан ихтиёрий равишда қайтариб олишни бошлаган.
Ушбу ҳолат Америка бозорига мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларига қўйиладиган санитария ва микробиологик хавфсизлик талабларига эътиборни кучайтирди.
АҚШга озиқ-овқат ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналар учун етиштириш ва қадоқлаш босқичларида гигиена талабларига риоя қилиш, фойдаланиладиган сув сифатини назорат қилиш ва маҳсулотнинг кузатувчанлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, экспортчиларга FDA томонидан белгиланган озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги талабларига риоя қилиш тавсия этилади, дея таъкидлади Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси.