Андижонда аёл тўрт нафар фарзандни дунёга келтирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Андижон вилоятида аёл тўрт нафар фарзандни дунёга келтирди. Туғруқ Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Андижон вилояти филиалида амалга оширилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Андижон туманида яшовчи Дилдорахон Аҳмедова 20 август куни кўп ҳомилали ҳомиладорлик ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Шифокорлар кесарча кесиш операциясини ўтказишга қарор қилган.
Туғруқ акушер-гинекологлар, неонатологлар ва реаниматологлар иштирокида ўтказилди. Натижада уч нафар қиз ва бир нафар ўғил дунёга келди.
Биринчи бўлиб 1 840 грамм вазнли қизалоқ туғилди. Иккинчи бўлиб 1 534 грамм вазнли ўғил чақалоқ дунёга келди. Учинчи чақалоқ — 1 584 грамм вазнли қиз, тўртинчиси эса 1 756 грамм вазнли қиз бўлди.
Ҳозирда она ва тўрт нафар чақалоқ тиббиёт мутахассисларининг назорати остида.