Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Ўзбекистон

Жиззахда инспектор 9 млн сўм товламачиликда ушланди

Дилафруз Ниязова · 24.08.2026 · 21:22 · 41 views
Жиззахда инспектор 9 млн сўм товламачиликда ушланди
Жиззахда инспектор 9 млн сўм товламачиликда ушланди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жиззахда шаҳар солиқ инспекциясининг бош давлат инспектори тадбиркордан солиқ қарзини ҳисобдан чиқаришга кўмаклашиш эвазига 9 миллион сўм талаб қилган. У бундан аввал солиқ қарзи миқдорини амалдаги қарздан қарийб 12 баравар юқори деб айтган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди.

Департамент маълумотларига кўра, тадбиркорга унинг 17 миллион сўм миқдорида солиқ қарзи борлиги айтилган. Аслида эса қарз 1,4 миллион сўмни ташкил этган.

Тергов версиясига кўра, инспектор 9 миллион сўм эвазига юқори лавозимларда ишлайдиган танишлари орқали қарзни ҳисобдан чиқартиришга ёрдам бера олишини айтган. Шунингдек, у тадбиркорни пул беришдан бош тортган тақдирда қарз ҳақидаги маълумотлар тегишли органларга юборилишидан огоҳлантирган.

Келишилган 9 миллион сўмнинг 2 миллион сўмини инспектор олишга улгурган. Қолган 7 миллион сўмни тадбиркор Жиззах шаҳар солиқ инспекцияси биноси ёнида бериши керак бўлган.

Шу ерда Департаментнинг Жиззах вилояти бошқармаси ходимлари инспекторни ашёвий далиллар билан ушлаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг фирибгарлик учун жавобгарликни назарда тутувчи 168-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.