Андижон вилоятида Беларус технологиясидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади
Андижон вилоятида Беларус технологиясидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Беларусь Республикасида бўлиб турган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Гродно вилоятининг Лида туманида жойлашган «ЛидаТехмаш» МЧЖ корхонаси раҳбари Александр Труханович билан учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида Андижон вилоятида қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва янги қувватларни ишга тушириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик доирасида боғдорчилик ва деҳқон хўжаликлари учун арзон ва ихчам техникалар, шунингдек, картошка экиш ҳамда ҳосилни териб олишга мўлжалланган замонавий агротехникалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича муҳим келишувга эришдилар.
Мазкур истиқболли лойиҳа вилоят аграр тармоғини ҳамёнбоп ва замонавий ускуналар билан таъминлаш орқали қишлоқ хўжалигида иш унумдорлигини янада оширишга хизмат қилади.