Андижон вилояти ва Хитой ўн миллионлаб долларлик қўшма лойиҳаларни амалга оширадилар
Андижон вилояти ва Хитой ўн миллионлаб долларлик қўшма лойиҳаларни амалга оширадилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Андижон вилояти ҳокими Шухратбек Абдурахмонов Бобур шаҳрида Хитой Саноат энергия тежамкорлиги ва тоза ишлаб чиқариш ассоциацияси раҳбариятини қабул қилди.
Учрашувда ассоциация раҳбарларидан бири Лю Минжи иштирок этиб, энергия самарадорлиги, саноат кооперацияси, коммунал инфратузилмани модернизация қилиш ҳамда қишлоқ хўжалигида инновацион технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этиш орқали саноат ва коммунал соҳаларда энергия сарфини камайтириш, инфратузилма самарадорлигини оширишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, Андижонда юқори технологияли сув насослари ва махсус ёнғин хавфсизлиги автомобилларини ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Лойиҳа доирасида замонавий насос ускуналарини маҳаллийлаштириш ҳамда уларни FAW Trucks корхонаси билан кооперация асосида махсус техникага интеграция қилиш режалаштирилмоқда.
Учрашувда давлат-хусусий шериклик асосида аҳолини марказлашган иссиқлик таъминоти билан қамраб олишга қаратилган истиқболли ташаббуслар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, Андижон шаҳридаги “РК-1” марказий иссиқлик қозонхонасини реконструкция ва модернизация қилиш лойиҳаси тақдим этилди. Қиймати 16,3 миллион АҚШ долларига тенг бўлган мазкур лойиҳа амалга оширилганда минглаб хонадонлар ва ижтимоий объектлар марказлашган иссиқлик таъминоти билан қамраб олинади.
Мулоқот давомида томонлар қишлоқ хўжалигида илмий ёндашувлар ва инновацион технологияларни жорий этиш, ресурс тежовчи усулларни қўллаш ҳамда юқори ҳосилдорликка эришишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳам келишувларга эришдилар.
Учрашув якунида инвестицияларни жалб этиш, юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича келишиб олинди.