Иқтисод

ACWA Ўзбекистондаги солиқ ислоҳотларини юқори баҳолади

ACWA Ўзбекистондаги солиқ ислоҳотларини юқори баҳолади
ACWA Ўзбекистондаги солиқ ислоҳотларини юқори баҳолади / Фото: Ўзбекистон Солиқ қўмитаси матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — ACWA директорлар кенгаши раиси Муҳаммад Абунайян Ўзбекистоннинг солиқ сиёсатини ва хорижий инвесторлар учун шароитларни яхшилашга қаратилган ислоҳотларни ижобий баҳолади. Бу ҳақда Ўзбекистон Солиқ қўмитаси хабар берди.

У бу ҳақда 28 ноябрь куни Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатов билан учрашувда маълум қилди. Учрашувда Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ишбилармонлик кенгашлари вакиллари ҳам иштирок этди.

Муҳаммад Абунайян Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар хорижий инвесторлар ва аҳоли учун қулай шароитлар яратишга хизмат қилганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, олиб борилаётган сиёсат нафақат инвестицияларни жалб қилиш, балки уларни самарали ўзлаштиришга ҳам қаратилган.

ACWA раҳбари, айниқса, Солиқ қўмитасининг тушунарли, шаффоф ва олдиндан прогноз қилиш мумкин бўлган солиқ маъмурчилиги тизимини шакллантириш борасидаги фаолиятини алоҳида қайд этди. У бундай шароитларни хорижий компанияларнинг Ўзбекистон бозорига кириш ҳақидаги қарорларига таъсир кўрсатувчи омиллардан бири деб атади.

Саудия делегацияси вакиллари, шунингдек, Ўзбекистонда солиқ ставкаларининг кўп йиллар давомида барқарор сақланиб келаётганини таъкидлади. Учрашув иштирокчиларининг баҳолашича, бу мамлакатнинг хорижий инвесторлар учун жозибадорлигини оширади.

Компания вакиллари Солиқ қўмитасининг Солиқ кодекси нормаларига оид тушунтиришлар тайёрлаш ташаббусини ҳам юқори баҳолади. Уларнинг фикрича, бундай материаллар хорижий компанияларга солиқ талабларини яхшироқ тушуниш ва уларга риоя қилишда ёрдам беради.

Бундан ташқари, томонлар ҚҚСнинг салбий суммаларини қайтариш механизмини такомиллаштириш масаласини муҳокама қилди. ACWA вакиллари ушбу механизм импорт операциялари улуши юқори бўлган компаниялар ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Саудия Арабистони вакиллари сўнгги ўн йилликда солиқ маъмурчилигини ислоҳ қилиш бўйича тўпланган тажриба билан ўртоқлашди. Улар қонунчиликни такомиллаштириш ва замонавий халқаро ёндашувларни жорий этиш ҳақида маълумот берди.

Учрашув якунида Муҳаммад Абунайян барқарор солиқ сиёсати, бизнес билан очиқ мулоқот ва хорижий компаниялар учун яратилган шароитлар Ўзбекистонни Саудия Арабистони инвестициялари учун жозибадор йўналишлардан бирига айлантираётганини таъкидлади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.