Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь–октябрь ойларида 74 448,4 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,4 фоизга кўп. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси хабар берди.
Таққослашда электр энергиясини ишлаб чиқариш асосий фаолият тури ҳисобланмайдиган кичик тадбиркорлик субъектлари ва хонадонлар томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳисобга олинмаган.
Статистик ҳисоботлар маълумотларига кўра, йирик корхоналар 48 971,7 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарган. Электр энергияси ишлаб чиқариш асосий фаолият тури ҳисобланган кичик корхоналар эса ўрганишлар натижаларига кўра 25 476,7 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарган.
2025 йилнинг январь–октябрь ойларида йирик корхоналар 50 016,2 млн кВт·соат, кичик корхоналар эса 19 288,5 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарган. Жами ишлаб чиқариш ҳажми 69 304,7 млн кВт·соатни ташкил этган.
2024 йилнинг январь–октябрь ойларида йирик корхоналар томонидан 59 003,4 млн кВт·соат, кичик корхоналар томонидан эса 7 707,9 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Умумий ҳажм 66 711,3 млн кВт·соатга тенг бўлган.
Корхоналар 2024 ва 2025 йилларга оид маълумотларга йиллик балансга мувофиқ аниқлик киритган.
Йирик корхоналарда иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 20,7 фоизга камайиб, 12 452,7 минг Гкални ташкил этди. 2025 йилнинг январь–октябрь ойларида 15 701,1 минг Гкал, 2024 йилнинг шу даврида эса 17 675,1 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилган.
Электр энергияси таъминоти, газ таъминоти, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш соҳалари ҳиссасига 74,2 трлн сўм тўғри келди. Бу саноат маҳсулотлари умумий ҳажмининг 6,1 фоизини ташкил этади. Саноат маҳсулотлари умумий ҳажми 1 221,4 трлн сўмга тенг бўлди.
Ушбу фаолият йўналиши бўйича физик ҳажм индекси 109,0 фоизни ташкил этди.