Иқтисод

Ўзбекистон ва Қозоғистон бизнеси ўзаро маҳсулот етказиб беришни кенгайтиришни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Қозоғистон бизнеси ўзаро маҳсулот етказиб беришни кенгайтиришни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Қозоғистон бизнеси ўзаро маҳсулот етказиб беришни кенгайтиришни муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 24 ноябрь куни Шимкент шаҳрида Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг саноат кооперацияси, савдо ҳамда янги инвестиция имкониятларига бағишланган бизнес-форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси хабар берди.

Тадбирда икки мамлакатдан 300 нафардан ортиқ вакил иштирок этди. Улар орасида давлат идоралари, савдо-саноат палаталари, тармоқ бирлашмалари ва етакчи компаниялар вакиллари бор эди.

Форум ўзбекистонлик тадбиркорларнинг Қозоғистонга бизнес-миссияси доирасида ўтказилди. Делегацияга Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари Шерзод Ибрагимов бошчилик қилди.

Иштирокчиларга икки мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти тақдим этилди ва маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, тадбиркорлар ўртасида B2B ҳамда давлат ташкилотлари ва бизнес вакиллари иштирокида G2B форматларида учрашувлар ўтказилди.

Музокаралар давомида томонлар янги ҳамкорларни топиш, ўзаро маҳсулот етказиб бериш ҳажмини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантириш имкониятларини кўриб чиқди. Қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Савдо-саноат палатаси маълумотларига кўра, 2025 йил якунлари бўйича Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 5 млрд долларни ташкил этган.

2026 йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокидаги 1 307 та корхона фаолият юритган.

Палатада таъкидланишича, бундай бизнес-миссиялар тадбиркорларга хорижий бозорларга чиқиш, салоҳиятли ҳамкорлар билан бевосита мулоқот қилиш ва аниқ тижорат келишувларига эришишда ёрдам беради.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.