Yandex Maps Ўзбекистонда иссиқда қулай юриш учун "Чилла" бўлимини ишга туширди
Yandex Maps Ўзбекистонда иссиқда қулай юриш учун "Чилла" бўлимини ишга туширди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Yandex Maps’да Ўзбекистоннинг йирик шаҳарлари учун «чилла» - қирқ кунлик жазирама мавсумига бағишланган махсус бўлим ишга туширилди. Унда мамлакат аҳолиси ва меҳмонларига иссиқ кунларда сайр ва кундалик йўналишларни қулайроқ режалаштиришга ёрдам берадиган жойлар жамланган.
Мазкур бўлим Тошкент, Самарқанд, Наманган, Андижон, Нукус ва Бухоро шаҳарларида мавжуд бўлиб, турли вазиятларда асқатади: иссиқ кунда болалар билан қаерга бориш, кечқурун дўстлар билан қаерда учрашиш, дам олиш кунлари қайси аквапаркка йўл олиш, шунингдек, шаҳар бўйлаб сайр пайтида энг яқин ичимлик суви нуқтаси ёки фавворани қаердан топиш мумкинлигини олдиндан танлаш имконини беради.
Бўлимни очиш учун Yandex Maps иловасидаги қидирув сатрини босиб, «Чилла» тоифасини танлаш керак. Шундан сўнг харитада жазирама об-ҳавода айниқса долзарб бўлган жойлар пайдо бўлади: шаҳар фавворалари, сув автоматлари, бассейнлар, аквапарклар ва пляжлар, шунингдек, сайр пайтида қисқа танаффус қилиш мумкин бўлган музқаймоқ нуқталари ва чойхоналар.
Бундан ташқари, Yandex Maps’да иссиқ ҳавода шаҳар ташқарисида дам олиш учун алоҳида тавсиялар ҳам пайдо бўлди. Унга сув бўйидаги ва тоғлардаги машҳур масканлар – Чорвоқ сув омбори, Амирсой, Урунгач кўллари ва дам олиш кунлари шаҳардан ташқарига бориш мумкин бўлган бошқа жойлар киритилган.
Yandex Maps иловасида об-ҳаво прогнози ҳам мавжуд: бош саҳифадаги жорий ҳарорат белгисини босиб, Яндекс Об-ҳаво маълумотлари асосида келаси кун прогнози ва бугунги ёғингарчилик харитасини кўриш мумкин. Бу уйдан чиқиш учун қулайроқ вақтни танлаш ва энг иссиқ соатларга узоқ йўналишларни режалаштирмасликка ёрдам беради.
Yandex Maps – кундалик шаҳар ҳаётидаги турли вазифаларни осон ҳал қилишга ёрдам берадиган илова. У орқали яқин атрофдаги кафе, дўкон ёки дорихонани топиш, нотаниш манзилга қулай йўлни аниқлаш мумкин. Иловада ташкилотлар ва шаҳар инфратузилмаси объектларини излаш, уларнинг иш вақти, фотосуратлари, рейтинги, фойдаланувчилар фикрлари ҳамда бошқа фойдали маълумотлар билан танишиш мумкин. Шунингдек, автомобилда, жамоат транспортида ёки пиёда ҳаракатланиш учун энг маъқул йўналишни тузиш имконияти ҳам бор.