ССВ: иссиқ тез ёрдам чақирувларини оширмади
ССВ: иссиқ тез ёрдам чақирувларини оширмади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Аномал иссиқ ҳавога қарамай, Ўзбекистонда тез тиббий ёрдам хизматига тушаётган юклама барқарорлигича қолмоқда. Бу ҳақда Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Ғафуров маълум қилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги тўрт кун давомида республика бўйича «103» хизматига 166 726 та чақирув келиб тушган. Барча мурожаатлар белгиланган тартибда қабул қилиниб, хизмат кўрсатилган ҳамда беморларга зарур тиббий ёрдам ўз вақтида кўрсатилган.
Идорада қайд этилишича, бу кўрсаткич 9–12 июль кунлари қайд этилган чақирувлар сонига нисбатан сезиларли даражада ошмаган. Мутахассислар фикрича, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали юқори ҳарорат шароитида эҳтиёт чораларига риоя қилиш бўйича тавсияларнинг кенг тарқатилгани юкламанинг барқарор сақланишига хизмат қилган.
Абдувоитжон Ғафуров таъкидлаганидек, иссиқ даврида юрак-қон томир ва нафас олиш тизими касалликлари, қандли диабет билан оғриган беморлар, шунингдек кекса фуқаролар, ҳомиладор аёллар ва болалар энг хавф гуруҳига киради. Шу боис бундай беморларни доимий тиббий кузатувда ушлаш ва уларга шошилинч тиббий ёрдамни ўз вақтида кўрсатиш алоҳида аҳамиятга эга.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига имконият даражасида куннинг энг иссиқ вақтларида кўчага чиқмасликни, етарли миқдорда сув истеъмол қилишни, шунингдек ёғли, қовурилган ва ҳаддан ташқари шўр таомларни чеклаб, енгил овқатлар ҳамда сабзавотли салатларга устунлик беришни тавсия қилди.