ИССВ ва Хитойнинг CSAT компанияси янги инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилишди
ИССВ ва Хитойнинг CSAT компанияси янги инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 10 июль куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида вазир ўринбосари Илзат Касимов Хитойнинг China Science Assistance Technology Group Co., Ltd. (CSAT) компанияси президенти Ли Жинжже билан учрашув ўтказди.
CSAT рақамли бошқарув тизимларини ишлаб чиқиш, трансчегаравий логистика хабларини барпо этиш, сув омборлари ва гидротехника иншоотларини қуриш, шунингдек, махсус техникаларни етказиб беришга ихтисослашган. Компания, шунингдек, шаҳарсозлик, юқори технологияли соғлиқни сақлаш ҳамда коммунал инфратузилмани модернизация қилиш йўналишларида лойиҳаларни амалга оширади.
Музокаралар давомида Ўзбекистон ҳудудларида комплекс инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар шаҳарсозликда модул саноат технологияларини қўллаш, рақамли инфратузилмани ривожлантириш, ҳудудий тиббиёт муассасаларини модернизация қилиш ҳамда ичимлик суви тозалаш тизимларини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Учрашув якунида муҳокама қилинган йўналишлар бўйича қисқа муддатларда аниқ лойиҳа таклифларини тайёрлашга келишиб олинди.