Ипотека солиқ имтиёзлари автоматлаштирилиши мумкин
Ипотека солиқ имтиёзлари автоматлаштирилиши мумкин
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Солиқ қўмитаси ипотека кредитларини тўлашга даромадларини йўналтираётган фуқароларга солиқ имтиёзларини автоматик тарзда тақдим этишни назарда тутувчи қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Ҳужжат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида эълон қилинди.
Лойиҳада жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШДС) бўйича имтиёзларни идоралараро маълумот алмашинувидан фойдаланган ҳолда проактив тарзда қўллаш тартиби белгиланган. Ҳужжат тасдиқланган тақдирда, янги тартиб 2027 йил 1 январдан кучга киради.
2026 йил 1 сентябрга қадар ипотека кредитларини кузатиб боришда иштирок этувчи давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида ахборот алмашинувини йўлга қўйиш режалаштирилган. 1 ноябрга қадар эса Soliq мобил иловаси, солиқ хизматлари портали ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталида имтиёзларни автоматик тақдим этиш хизмати ишга туширилиши кўзда тутилган.
Имтиёзни қўллаш учун асос ваколатли органлардан электрон шаклда келиб тушадиган маълумотлар бўлади. Улар қаторига ипотека шартномаси, қарз олувчи ёки ҳамқарз олувчининг ЖШШИРи, асосий қарз ва фоизлар бўйича тўловлар суммаси, ипотека субсидияси ажратилгани ҳақидаги маълумотлар, сотиб олинган кўчмас мулк объекти, унга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилгани, шунингдек иш жойи, даромадлар ва ушлаб қолинган ЖШДС тўғрисидаги маълумотлар киради.
Лойиҳага кўра, Марказий банк ипотека кредитлари ва амалга оширилган тўловлар ҳақидаги маълумотларни, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ажратилган ипотека субсидиялари ҳақидаги маълумотларни тақдим этади. Қолган зарур маълумотлар эса Солиқ қўмитасининг ахборот тизимларидан олинади.
Ахборот тизими ҳар ой имтиёз олиш ҳуқуқининг мавжудлигини текшириб боради. Агар текширув вақтида зарур маълумотлар тўлиқ бўлмаса, қайта текширув кейинги кун давомида амалга оширилади.
Солиқ имтиёзи миқдори ҳам давлат ахборот тизимлари маълумотлари асосида автоматик ҳисобланади. Имтиёз қўлланилгандан сўнг қарз олувчи беш кун ичида SMS, электрон почта, солиқ тўловчининг шахсий кабинети ёки Soliq мобил иловаси орқали тегишли хабарнома олади.
Лойиҳада белгиланишича, ипотека асосида харид қилинган уй-жой мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейинги 36 ой ичида сотилса, солиқ имтиёзи белгиланган шартларга зид равишда қўлланган деб ҳисобланади. Бундай ҳолатда солиқ органлари қайта ҳисоб-китоб ўтказиб, аввал тақдим этилган имтиёз суммасини қўшимча ҳисоблайди ва бу ҳақда солиқ тўловчини шахсий кабинети орқали хабардор қилади.
Қарор лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси 31 июлга қадар давом этади.