Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Спорт

Уч нафар ўзбекистонлик теннисчи Уимблдоннинг асосий тўрида иштирок этади

UzDaily таҳририяти · 26.06.2026 · 10:55 · 23 views
Уч нафар ўзбекистонлик теннисчи Уимблдоннинг асосий тўрида иштирок этади

Уч нафар ўзбекистонлик теннисчи Уимблдоннинг асосий тўрида иштирок этади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон вакилалари «Катта дубулға» туркумига кирувчи Уимблдон турнирида муваффақиятли иштирок этиб, мусобақанинг асосий тўрига йўлланмани қўлга киритди. Саралаш босқичининг ҳал қилувчи учрашувлари якунларига кўра, ўзбекистонлик икки теннисчи рақибаларини мағлуб этиб, Лондондаги нуфузли майса қопламали турнирнинг асосий босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Саралаш босқичининг ҳал қилувчи баҳсида Полина Кудерметова россиялик теннисчи Алина Чараевага қарши иродавий ўйин намойиш этди. Илк сетда мағлуб бўлган Кудерметова кейинги ўйинларда ташаббусни ўз қўлига олиб, уч сет натижасига кўра 4:6, 6:4, 6:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Шу билан бир вақтда яна бир ўзбекистонлик теннисчи Мария Тимофеева ҳам асосий тўр йўлланмаси учун кураш олиб борди. Унинг рақибаси тажрибали британиялик теннисчи Хизер Уотсон бўлди. Учрашув ўхшаш сценарий асосида кечди. Тимофеева биринчи сетни 3:6 ҳисобида бой берган бўлса-да, кейинги икки партияда кортда тўлиқ устунлик қилиб, 6:2, 6:1 ҳисобида ишончли камбэк билан ғалаба қозонди.

Шу тариқа, жаҳоннинг энг нуфузли теннис мусобақаларидан бири бўлган Уимблдоннинг асосий тўрида Ўзбекистоннинг уч нафар вакили иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатнинг биринчи ракеткаси Камилла Раҳимова айни пайтда WTA рейтингида 65-ўринни эгаллаб турибди. Юқори рейтинги туфайли у саралаш босқичида иштирок этмасдан, Уимблдоннинг асосий тўрига тўғридан-тўғри йўлланма олган эди.