Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Спорт

Маҳмуд Муродов Oktagon лигасида ярим оғир вазн чемпиони бўлди

UzDaily таҳририяти · 03.08.2026 · 12:25 · 44 views
Маҳмуд Муродов Oktagon лигасида ярим оғир вазн чемпиони бўлди
Маҳмуд Муродов Oktagon лигасида ярим оғир вазн чемпиони бўлди / Фото: UFC.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонлик аралаш яккакурашлар устаси Маҳмуд Муродов Oktagon 92 турнирида ирландиялик Уилл Флери устидан муддатидан олдин ғалаба қозониб, Oktagon лигасининг ярим оғир вазн тоифасидаги янги чемпионига айланди.

Прагада бўлиб ўтган турнирнинг асосий жангларидан бири сифатида ўтказилган ушбу беллашув 36 ёшли Муродов учун ярим оғир вазн тоифасидаги (93 кг гача) дебют жанг бўлди.

Беш раундга мўлжалланган чемпионлик жанги иккинчи раунд бошида якунланди. Муродов рақибини нокаутга учратиб, чемпионлик камарини қўлга киритди.

Шу тариқа, ўзбекистонлик спортчи Уилл Флеридан чемпионлик унвонини тортиб олди ва Oktagon лигасининг ярим оғир вазн тоифасидаги янги чемпионига айланди.

Бундан олдинги жангида Муродов ўрта вазн тоифасида вақтинчалик чемпионлик камарини қўлга киритган эди.

UFCдан кетганидан кейин Муродов ўтказган барча тўртта жангда ғалаба қозонди. Унинг профессионал фаолияти ҳисобида 30 та ғалаба, саккизта мағлубият ва натижаси ҳисобланмаган битта жанг мавжуд.

37 ёшли Уилл Флери учун мазкур мағлубият олтита кетма-кет ғалабадан кейинги илк мағлубият бўлди.

Ярим оғир вазндаги чемпионлик унвонидан маҳрум бўлганига қарамай, ирландиялик жангчи Oktagon лигасининг оғир вазн тоифасидаги чемпионлик камарини сақлаб қолмоқда. У профессионал фаолияти давомида 17 та ғалаба қозонган, тўрт марта мағлуб бўлган ва битта жанги натижасиз якунланган.