Тошкентдан Чорвоққача 35 дақиқа: янги пуллик йўл лойиҳаси муҳокама қилинди
Тошкентдан Чорвоққача 35 дақиқа: янги пуллик йўл лойиҳаси муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти ҳокимлиги биносида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ш. Маҳмудов ҳамда Қатарнинг Qatarning Protocol Capital Group ва Жанубий Кореянинг Korea Expressway Corporation компаниялари вакиллари билан Тошкент–Чорвоқ пуллик автомобиль йўлини қуриш лойиҳаси юзасидан музокаралар олиб борилди.
Учрашув давомида лойиҳа доирасидаги техник ва инвестициявий масалалар, йўл инфратузилмасини замонавий талаблар асосида ривожлантириш ҳамда ҳудуднинг транспорт салоҳиятини ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Маълум қилинишича, лойиҳа доирасида узунлиги 52 километр бўлган замонавий автомобиль йўлини қуриш режалаштирилган. Лойиҳани 3 йил давомида амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Мазкур йўл фойдаланишга топширилгач, Тошкент шаҳридан Чорвоқ сув омборигача бўлган масофани босиб ўтиш вақти ҳозирги 1 соату 20 дақиқадан 35 дақиқагача қисқариши мумкин. Бу эса аҳолининг ҳаракатланиш қулайлигини ошириш билан бирга, транспорт оқимини камайтириш ва йўллардаги тирбандликларнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади.
Шунингдек, лойиҳа Чорвоқ ҳудудининг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ҳамда хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик соҳаларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.