Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Спорт

Тошкентда халқаро яриммарафон сабаб ҳаракат вақтинча чекланади

Дилафруз Ниязова · 03.09.2026 · 11:48 · 38 views
Тошкентда халқаро яриммарафон сабаб ҳаракат вақтинча чекланади
Тошкентда халқаро яриммарафон сабаб ҳаракат вақтинча чекланади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —  Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган Тошкент халқаро яриммарафони ўтказилиши муносабати билан 6 сентябрь куни пойтахтда автотранспорт ҳаракати вақтинча чекланади.

Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази маълумотига кўра, 2026 йил 6 сентябрь куни соат 05:00 дан 14:00 гача шаҳарнинг қатор марказий кўчаларида ҳаракат чекланади.

Хусусан, чекловлар Ислом Каримов кўчасининг Фурқат кўчасидан Шароф Рашидов хиёбонигача бўлган қисмида, Шароф Рашидов хиёбонининг Афросиёб кўчасидан Ислом Каримов кўчасигача бўлган қисмида жорий этилади.

Шунингдек, Афросиёб кўчасининг Ислом Каримов кўчасидан Ойбек кўчасигача, Ойбек кўчасининг Афросиёб кўчасидан Нукус кўчасигача, Нукус кўчасининг Ойбек кўчасидан Абдулла Қодирий кўчасигача бўлган қисмларида ҳаракат чекланади.

Абдулла Қодирий кўчасининг Нукус кўчасидан Ҳамидулла Арипов кўчасигача, Ҳамидулла Арипов кўчасининг Абдулла Қодирий кўчасидан Мустақиллик хиёбонигача бўлган қисми ҳам чекловлар доирасига киради.

Мустақиллик хиёбонида Мирзо Улуғбек хиёбонидан Амир Темур хиёбонигача бўлган ҳудудда, шунингдек, Амир Темур хиёбони атрофидаги Бухоро ва Шаҳрисабз кўчаларигача бўлган йўлларда ҳаракат вақтинча чекланади.

Бундан ташқари, Алишер Навоий кўчасининг Шаҳрисабз кўчасидан Фурқат кўчасигача, Ботир Закиров кўчасининг Алишер Навоий кўчасидан Афросиёб кўчасигача бўлган қисми ҳамда Ўқчи кўчасининг Ботир Закиров кўчасига туташ қисмида ҳаракат чекланади.

Иштирокчилар ва томошабинлар сони кўпайган тақдирда, заруратга кўра, ҳаракат яқин атрофдаги бошқа кўчаларда ҳам қўшимча равишда чекланиши мумкин.

Ҳайдовчиларга йўналишларни олдиндан режалаштириш, муқобил йўналишларни танлаш, йўл белгилари талабларига, шунингдек, тадбир вақтида тартиб ва хавфсизликни таъминловчи ходимларнинг кўрсатмаларига риоя қилиш тавсия этилди.