Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Спорт

Тошкентда Румыния элчиси ярим марафонда иштирок этди

Дилафруз Ниязова · 07.09.2026 · 11:35 · 34 views
Тошкентда Румыния элчиси ярим марафонда иштирок этди
Тошкентда Румыния элчиси ярим марафонда иштирок этди / Фото: Руминиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистондаги Румыния элчиси Даниэль Кристиан Чобану 6 сентябрь куни Тошкент халқаро ярим марафонида иштирок этиб, 5 километрлик масофада югурди.

Тадбир давомида дипломат Ўзбекистон халқини мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги билан табриклаб, мусобақанинг юқори даражада ташкил этилганини таъкидлади.

Чобану Ўзбекистонга тинчлик, фаровонлик ва муваффақиятлар тилади. Унинг сўзларига кўра, халқаро ярим марафоннинг ўтказилиши мамлакатлар ўртасидаги спорт алоқаларини ривожлантириш ва ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Дипломат шунингдек, Тошкент кўчалари ва шаҳар диққатга сазовор масканлари яқинидан ўтган югуриш маршрутига алоҳида тўхталди. У мусобақанинг ташкил этилишини юқори баҳолаб, спорт тадбири давомида пойтахтни кўриш имкониятидан мамнунлигини билдирди.

Ўзбекистон ва Румыниянинг спорт соҳасидаги ҳамкорлиги ҳақида гапирар экан, элчи 2026 йилда ўтказилган қатор тадбирларни қайд этди. Жумладан, май ойида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов Бухарест шаҳрида бўлди.

Чобану, шунингдек, ўзбек гроссмейстери Жавоҳир Синдаровнинг Super Chess Classic Romania 2026 турниридаги иштирокини тилга олди. Мусобақа 14–24 май кунлари Бухарестда бўлиб ўтди ва унинг якунига кўра Синдаров учинчи ўринни эгаллади.

Дипломат спорт соҳасидаги алоқаларга яна бир мисол сифатида Ўзбекистон бадиий гимнастика терма жамоасининг 26–28 июнь кунлари Румыниянинг Клуж-Напока шаҳрида ўтказилган Challenge (World Challenge Cup) жаҳон кубоги босқичидаги иштирокини келтирди.

Бундан ташқари, элчи Ўзбекистон терма жамоасининг 18 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги гандбол бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этганига эътибор қаратди. Мусобақа 2026 йил 29 июль — 9 август кунлари Румынияда бўлиб ўтган.

Чобануга кўра, икки мамлакат ўртасидаги спорт мулоқоти анча олдин шаклланган. Муҳим воқеалардан бири сифатида у Румыниянинг спорт масалалари бўйича давлат котиби Томас Молдованнинг 2022 йилда Ўзбекистонга ташрифини қайд этди.

Румыниялик дипломатнинг Тошкент халқаро ярим марафонида иштирок этиши Ўзбекистон ва Румыния ўртасидаги спорт алоқалари доирасидаги навбатдаги воқеа бўлди.