Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳридаги Махтумқули кўчасида 11 та светофор объектининг ишлаш тартиби «яшил тўлқин» тамойили асосида синхронлаштирилди.
Натижада мазкур йўналишнинг ўтказувчанлик қобилияти 12 фоизга ошди, йўналиш бўйлаб ўртача ҳаракатланиш вақти эса 10 фоизга қисқарди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази хабар берди.
Мутахассислар транспорт ҳаракати интенсивлиги, сутканинг турли вақтларида ҳаракат оқимларининг тақсимланиши, светофор циклларининг давомийлиги ва чорраҳалар орасидаги ҳаракатланиш вақтини таҳлил қилди. Олинган маълумотлар асосида светофорлар иши мувофиқлаштирилди.
Махтумқули кўчасида суткалик ўртача ҳаракат интенсивлиги қарийб 90 минг автомобилни ташкил этади. Транспорт оқимининг устун йўналишини ҳисобга олган ҳолда тизим икки хил режимда ишлайди.
Соат 00:00 дан 13:00 гача ҳаракат Тошкент маркази йўналиши бўйича мувофиқлаштирилган. Яъни Махтумқули ва Янги Ўзбекистон кўчалари кесишмасидаги уч сатҳли йўл ўтказгичдан Амир Темур хиёбонигача бўлган йўналишда «яшил тўлқин» ишлайди. Соат 13:00 дан 00:00 гача эса ҳаракат тескари йўналишда — Амир Темур хиёбонидан Махтумқули ва Янги Ўзбекистон кўчалари кесишмасидаги уч сатҳли йўл ўтказгичгача мувофиқлаштирилади.
Мувофиқлаштирилган коридорда ҳисобланган ҳаракат тезлиги соатига 55 километрни ташкил этади. Тавсия этилган тезликка риоя қилинганда, автомобиль кейинги чорраҳаларда ҳисобланган яшил чироқ оралиғига кетма-кет тушади.
Бунда «яшил тўлқин» бутун йўналиш бўйлаб узлуксиз яшил чироқ ёниб туришини англатмайди. Бу светофор циклларининг математик ҳисоб-китоблар асосида мувофиқлаштирилишини назарда тутади. Бундай тизим чорраҳаларда тўхташлар ва кечикишлар сонини камайтиришга қаратилган.
Амалдаги ҳаракатланиш вақти йўлдаги вазиятга, жумладан, транспорт оқими интенсивлиги, белгиланган тезлик режимига риоя қилиниши, қайта сафланишлар, жамоат транспорти ҳаракати ва пиёдалар учун ажратилган фазаларга боғлиқ.
Йўл-транспорт ҳодисалари, ҳаракат полосаларининг вақтинча ёпилиши, йўл ишлари ёки транспорт оқимининг кескин ортиши ҳолатларида ҳаракат параметрлари ҳисобланган кўрсаткичлардан вақтинча фарқ қилиши мумкин.
Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази транспорт оқимларини таҳлил қилиш ҳамда Тошкентнинг бошқа ҳудудларида мувофиқлаштирилган светофор бошқарувини созлаш ишларини давом эттирмоқда.